Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:46

НАТО бош котиби Тошкентда. Нега?


Шайбон Амалий ташриф билан Тошкентга келган НАТО бош котиби Яап де Хооп Схеффер 20 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев ва мудофаа вазири Қодир Ғуломов билан учрашди.

Де Хооп Схеффернинг музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилишича, учрашувлар чоғида асосий эътибор халқаро террорчиликка қарши ҳамкорликда курашиш, Ўзбекистонга ҳарбий-техникавий ёрдам кўрсатиш, ўзбек ҳарбийларининг НАТО тинчликпарвар кучлари таркибида турли миссияларда иштирок этиш масалаларига қаратилган.

Бош котибнинг сўзларига қараганда, унинг Тошкентга ташрифи НАТОнинг жорий йил июнда Истанбулда ўтказилган саммитида тасдиқланган режа бўйича амалга оширилган. Ушбу саммитда Марказий Осиё ва Кавказга жиддий эътибор қаратилиши, чунки бу минтақада кечаётган сиёсий жараёнлар НАТО учун муҳим аҳамият касб этиши айтилган эди. Террорчиликка қарши якка ҳолда курашиб бўлмаслиги сабабли Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари қатори Ўзбекистоннинг ҳам НАТО билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш заруратини мавжуд.

Матбуот анжуманида НАТО бош котибининг Россия Тожикистонда ҳарбий база очганига муносабати сўралди.

“Қаерда қандай база очиш ҳар бир давлатнинг ихтиёрида. Тожикистондаги ҳарбий база хусусида ўтган ҳафтада Руминияда Россия мудофаа вазири Сергей Иванов билан ҳам мулоқотда бўлганмиз. Биз эндиликда Тожикистонда Россиянинг ҳарбий базаси борлигини эътиборда тутамиз”, деди де Хооп Схеффер.

Маълумотларга кўра, НАТО бош котибининг Тошкентга ташрифи давомида Ўзбекистон Қуролли кучларини қайта жиҳозлаш масаласи ҳам муҳокама қилиниши кўзда тутилган эди.

Аммо де Хооп Схеффер буни инкор этди. Унинг айтишича, ҳақиқатан ҳам музокараларда Ўзбекистон Қуролли кучлари ҳақида сўз юритилган. Лекин бу ерда гап ўзбек армиясининг халқаро тинчликпарвар миссияларда иштирок этиши мумкин бўлган ҳарбий қисмлари ҳақида борган. Шу билан бирга, учрашувларда ўзбек ҳарбийлари учун ўқув машғулотлари ташкил этиш, ҳамкорликда тезкор ҳаракатлар олиб бориш масалалари муҳокама қилинган. Ўзбекистон Қуролли кучларини қайта жиҳозлаш масаласи эса кун тартибида бўлмаган.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев ҳарбий ислоҳотларсиз жамиятда тўлақонли ислоҳотларга эришиб бўлмаслигини маълум қилди. С.Сафоевнинг таъкидлашича, НАТО демократик институтларнинг ривожланишига йўл очиб берилиши ва бозор иқтисодиётига интилишни қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон ҳам шунга интилмоқда.
XS
SM
MD
LG