Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:31

Сусило Бамбанг Юдхоёно Индонезия Президенти вазифасига киришди


20 октябр куни Индонезияда Сусило Бамбанг Юдхоёно президент сифатида вазифасига киришди. Собиқ генерал Юдхоёно – Индонезияда биринчи марта эркин сайланган президент. Юдхоёно мамлакатда ўзининг ақлий қобилиятлари ва оқил сиёсатчилиги билан ҳурмат қозонган. Эндиликда дунёнинг энг йирик мусулмон мамлакати раҳбари олдида терроризм ва коррупцияга қарши курашиш вазифаси турибди.

Индонезия миллий мадҳияси садолари остида Сусило Бамбанг Юдхоёно Индонезия президенти лавозимига тасдиқланди.

Юдхоёно Индонезия сиёсий саҳнасида хавфсизлик хизматини бошқарган пайтда пайдо бўлган. Ўшанда Юдхоёно мамлакатда терроризмга қарши кураш эълон қилган эди.

2000 йилда Юдхоёно армиядан кетиб, ўша пайтдаги президент Абдураҳмон Воҳид бошчилигидаги ҳукуматга қўшилган. Ҳукуматда у генерал унвонига кўтарилиб, хавфсизлик ва сиёсий масалалар бўйича вазир лавозимини эгаллаган. Лекин бир йил ўтиб, Вохиддан истеъфога чиқишини талаб қилишганда, Юдхоёно Воҳиднинг мамлакатда вафқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги илтимосини рад этгани учун ишдан бўшатилган.

Мегавати Сукарнопутри президент этиб тайинланганда, у Юдхоёнога яна хавфсизлик вазирлигини топширди. 2002 йил Балидаги портлашлардан сўнг генерал мамлакатдаги терроризмга қарши курашни бошқарган. Лекин шу йилнинг март ойида у Мегавати ва унинг эри билан уришиб қолиб, истеъфога чиққан.

Индонезия тадқиқот институти раҳбари Денни Жа БиБиСига берган интервьюсида, Юдхоёнонинг ҳукуматдаги лавозимидан истеъфо бергани оҳир оқибатда унга президентлик сайловларда ютиб чиқишига ёрдам берди, деб айтади. Чунки у ҳукуматда ишлаган бўлса-да, кўпроқ жабрдийда сифатида кўрилади.

Халқ Юдхоёнодан аввалги ҳукумат инқироз ёқасига олиб келган иқтисодиётни яхшилашини кутмоқда. Лондон университетининг иқтисод бўйича профессори Анн Бутнинг айтишича, Юдхоёно ҳар доимгидек вақтни танлашда янглишмаган.

«Иқтисод ҳақида гапирадиган бўлсак, ўйлашимча, вазият яхшилана бошлаган. Айтмоқчиманки, охирги икки йил давомида ўсиш сураъти ошиб боряпти. Бу йил, иқтисодиётнинг нефтга боғлиқ бўлмаган соҳаларида 5%дан кўпроқ ўсиш кутилмоқда»,- дейди Бут

Индонезиянинг янги президенти терроризм муаммосига ҳам рўпара бўляпти. Таҳлилчи Анн Бутниниг айтишича, Юдхоёно терроризмга қарши курашишда Индонезия ҳарбийлари ичида энг тажрибалиси ҳисобланади. У 90 йиллар ўртасида Боснияда Индонезиянинг тинчлик ўрнатиш ҳарбий контингентини бошқарган.

Британиянинг мудофаа ва халқаро хавфсизлик тадқиқот маркази ишловчи олим Ричард Кузенснинг айтишича, Юдхоёно президентлик лавозимидаги дастлабки ойларда бир оз дам олиб олади. Чунки бу пайтда янги сайланган президентдан кўп нарса кутишмайди. Лекин, давом этади олим, Индонезиянинг янги раҳбари вақтни кетказмасдан мамлакатдаги коррупцияга қарши курашни бошлаши керак.

«Индонезия ички масалаларини ҳал этишда, у биринчи навбатда коррупция билан курашишни бошлаши керак. Ўйлашимча, уни шу масаладаги фаолиятига кўра боҳолашади. Ва шубҳасиз бу муаммони бартараф этиш осон бўлмайди»,- дейди Кузенс.

Кузенснинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият Юдхоёнони унинг терроризмга қарши курашишга қараб баҳолаши шубҳасиз, лекин Индонезия халқи учун мамлкатдаги коррупция билан курашиш муҳимроқ масаладир.

Америка университетларида таҳсил олган Юдхоёно Қўшма Штатлар билан дўстона алоқа ўрнатиши кутилмоқда.

Олим Ричард Кузенснинг фикрича, дунёнинг энг йирик мусулмон давлатида эркин сайловларнинг ўтказилиши Ислом ва демократия бир бири билан муроса қила олишини исботлайди.
XS
SM
MD
LG