Линклар

“Transparency International” ташкилотининг коррупция ҳақидаги 2004 йилги ҳисоботи

  • Ҳасанжон

Дунё мамлакатларидаги коррупция муаммоларини ўрганадиган “Transparency International” нодавлат ташкилоти ўзининг 2004 йилги ҳисоботини чоршанба куни эълон қилди. Ташкилот коррупция даражаси акс этган ўз рўйхатини дунёнинг юзта мамлакатидаги идораларидан олинган маълумотлар, турли мамлакатларда фаолият юритаётган мустақил тадбиркорлар, сўров марказлари, таҳлилчилар ва расмийлар билдирган фикрларга асосланиб тузган. “Transparency International” маълумотига кўра, коррупция айниқса нефтга бой бўлган дунё мамлакатларида кенг тарқалган. Эълон қилинган рўйхатда Шарқий ва Марказий Европа ҳамда Марказий Осиё республикаларида коррупция билан боғлиқ вазият ёмонлашгани билдирилган.

“Transparency International” дунё давлатларида коррупция даражаси тўғрисидаги жорий йилги рўйхатига 145 мамлакатни киритган. Ташкилот ҳисоботига кўра, ўрганилган мамлакатларнинг қарийб ярмида коррупция кенг тарқалган.

Рўйхатда дунё давлатларидаги коррупция даражаси 10 баллик ўлчов бўйича баҳоланган. Мазкур рўйхатга кўра, дунёда коррупция энг кам учрайдиган давлат Финляндия бўлиб, ундан кейинги ўринларни Янги Зелландия ва Дания эгаллаган. Хаити рўйхатдаги охирги, яъни 145-ўринни эгаллаган. Ундан олдин эса Бангладеш ва Нигерия турибди.

Ўзбекистон рўйхатдан 119-ўринни, Қозоғистон 124- ва Қирғизистон 125-ўринларни эгаллаган. Яъни бу республикаларда коррупция даражаси анча баланд, деб баҳоланган.

“Transparency International” ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Миклос Маршалл Озодлик радиосига Марказий Осиёдаги вазият ҳақида бундай деди:

”Марказий Осиё ҳақида гапирадиган яхши гап йўқ. Кўрсаткичлар аввалгилари каби жуда паст. Марказий Осиё давлатлари рўйхатнинг энг қуйи қисмидан ўрин олган. Озарбайжон рўйхатдан 140-ўринни эгаллаган. Ундан кейин Тожикистон ва Туркманистон турибди. Энг ёмони вазият салбий томонга ўзгармоқда. Ўтган йил Ўзбекистон 2.4 балл олган эди. Бу йил 2.3 балл олди. Агар нефтга бой Қозоғистонга қарайдиган бўлсак, ўтган йил 2.4 балл олган бу мамлакат жорий йил 2.2 балл олган “ - дейди “Transparency International” вакили.

Миклос Маршалл Россия ва Тожикистонда коррупция даражаси бир оз пасайгани, аммо бу ҳали мақтовга сазовор даражада эмаслигини айтади:

”Фақатгина Россияда бир оз ижобий силжиш бўлганини кузатиш мумкин. Бу ўзгариш катта бўлмаса-да, бошқаларга қараганда яхши. Ўтган йил Россиядаги коррупция даражаси 2.7 балл, дея баҳоланган. Бу йилги кўрсаткич эса 2.8 балл. Тожикистон ўтган йили 1.8 балл баҳо олган бўлса, бу йил 2 балл олди. Нолдан 10гача бўлган шкалада бу жуда паст кўрсаткич. Эълон қилинган кўрсаткичлар, ушбу минтақада ва айниқса, мазкур давлатларда коррупция жиддий муаммо эканлигини кўрсатади“ - дейди Миклос Маршалл.

“Transparency International” вакилига кўра, коррупция фақат Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларига хос муаммо бўлмай,тадқиқотлар 145 мамлакатдан 60тасида коррупция кенг тарқалганини кўрсатган.

Ташкилот маълумотига кўра, катта даромад келтирувчи фойдали шартномаларни қўлга киритиш учун йирик ширкатлар ҳар йили дунёнинг турли давлат амалдорларига тахминан 400 миллиард доллар миқдорида пора беради.

“Transparency International” билдиришича, коррупция айниқса, нефт экспорт қилувчи давлатларда чуқур илдиз отмоқда. Чунки бу соҳада коррупция ривожланиши учун қулай имкониятлар бор. МДҲга аъзо давлатлар орасида нефт билан боғлиқ коррупция айниқса Қозоғистонда авж олмоқда.

“Transparency International” ташкилотининг Қозоғистондаги вакили Виталий Воронов мухбирларга бу ҳақда:

”Афсуски, Қозоғистон йилдан йилга ўз вазиятини ёмонлаштирмоқда“ - деди. Қозоғистон “Transparency International” ташкилотининг ўтган йилги рўйхатдан юзинчи ўринни эгаллаган бўлса, бу йил 125-ўринга тушган.

Бироқ Қозоғистоннинг Иқтисодий коррупцияга қарши кураш департаменти расмийси Сайрамбек Исманов “Transparency International” ташкилотининг Қозоғистонга оид хулосаларини инкор этди:

”Бу қандай статистика, қаерда чиққан? Бизда бу тўғрида маълумот йўқ. Биз бу ҳақда ҳеч нарса айтолмаймиз“ - деди Қозоғистон расмийси Озодлик радиосига.

“Transparency International” чиқарган бу йилги рўйхатда Ўзбекистон қуйи ўринлардан бирига тушгани бу мамлакатда ҳам коррупция жиддий муаммо эканини кўрсатади.
XS
SM
MD
LG