Линклар

logo-print

Вашингтон Саудия Арабистони ишлаб чиққан режани рад этди

  • Ҳасанжон

Вашингтон расмийлари Ироқда БМТ назорати остида мусулмон давлатлари ҳарбий кучларини ўрнатиш ҳақидаги режани рад этди. Саудия Арабистони ишлаб чиққан режа бўйича мазкур кучлар Ироқда ўтадиган сайлов жараёнида БМТ расмийларини ҳимоя қилиши кўзда тутилган эди. Лекин Оқ Уй расмийларига кўра, бундай кучлар АҚШ етакчилигидаги коалиция Қўмондонлигига бўйсунмаслиги боис, АҚШ ҳарбийлари мазкур режага жиддий қаршилик билдирган. Маълумки, АҚШ мусулмон давлатларини Ироқдаги вазиятини яхшилаш учун у ерга қўшин жўнатишга чақирган. Шундай экан, Саудия Арабистони ўртага қўйган таклифнинг Вашингтон расмийлари томонидан рад этилганини қандай изоҳлаш мумкин? Озодлик радиоси мухбири Чарлз Рекнегел ўз мақоласида ана шу саволга жавоб топишга ҳаракат қилди.

Саудия Арабистони режаси рад этилгани Вашингтоннинг мусулмон давлатларини коалиция кучлари сафига қўшилиш даъватларини пучга чиқариши мумкин.

Оқ Уй расмийларига кўра, Ироқдаги АҚШ қўмондонлари ҳамда Ироқ ҳукумати расмийлари рози бўлмагани учун Саудия Арабистони режаси қабул қилинмаган. Оқ Уй матбуот вакили Скот Мак Лелланга кўра, Ироқ ҳукумати қўшни давлат ҳарбийларининг мамлакатда жойлаштирилиши мумкинлиги юзасидан ташвиш билдирган. Халқаро коалиция кучлари қўмондонлари эса ягона бошқарув тизимига кирмаган қўшинларининг Ироқда бўлишини хоҳламаган.

Лондондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар марказининг ҳарбий масалалар бўйича мутахассиси Филлип Митчел Озодлик мухбири билан суҳбатда Ироқдаги ҳарбий операцияларни амалга ошириш учун ягона қўмондонлик тизими мавжуд бўлиши муҳимлигини айтади:

”Барча қўшинлар ҳаракатини мувофиқлаштирувчи ягона қўмондонлик бўлмаса, тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин. Агар ҳаракат мувофиқлаштирилмаса, бир қўмондонлик остида бўлган кучлар бошқа қўмондонликка қарашли кучлар билан тўқнашиб кетиши мумкин“ - дейди ғарблик ҳарбий мутахассис.

Вашингтон расмийлари рад этган Саудия Арабистони режаси бўйича, Ироқда БМТ қўмондонлигида 20 – 30 минг сонли мусулмон давлатлари қўшини ўрнатилиши кўзда тутилган. Лекин таклиф этилган режада бир нечта хал қилинмаган масалалар бўлган. Хусусан, қайси давлатлар Ироққа қўшин жўнатиши ва бу ишларга боғлиқ харажатларни қайси томон зиммасига олиши режада аниқ белгиланмаган.

Ироқ ҳукумати қўшни давлатлар ҳарбий кучларининг мамлакатда ўрнатилиши Ироқ ички ишларига аралашувга олиб келиши мумкинлигидан ташвиш билдирган. Шундан сўнг, Саудия Арабистони Ироққа ўз қўшинларини жўнатмаслигини билдирган. Бунинг ўрнига Риёд расмийлари Жазоир, Бангладеш, Индонезия, Малайзия, Марокаш ва Покистон каби минтақанинг бошқа мусулмон давлатларини Ироққа қўшин жўнатишга чақирган.

Саудия Арабистони ташаббусининг муваффақиятсизликка учрагани мусулмон давлатларнинг Ироқда барқарорлик ўрнатиш ишларида қатнашишини ортга суриши мумкин. Шундоқ ҳам айрим мусулмон давлатлар Ироққа қўшин жўнатиш борасида иккиланиш билдирган.

Бундан бир неча ой олдин Покистон Президенти Парвез Мушарраф агар бошқа мусулмон давлатлари Ироққа қўшин жўнатса, Исломобод расмийлари ҳам ўз ҳарбийларини юборишини маълум қилган:

”Умуман олганда, агар Ироқда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга хисса қўша олсак, Покистон ҳукумати ўз ёрдамини аямайди. Аммо биринчи галда ироқликлар бизнинг у ерга боришимизни хоҳлаши-хоҳламаслигини билишимиз керак. Иккинчидан, бошқа мусулмон давлатлар ҳам бу ҳаракатга қўшилиш ҳақида қарор қабул қилиши керак. Ниҳоят, БМТ режага рухсат берсагина Покистон таклифни қабул қилади“ - деган эди Парвез Мушарраф.

Индонезия ҳукумати агар мусулмон давлатлари ҳарбий кучлари БМТ қўмондонлиги остида бўлмаса, мамлакат Ироққа қўшин жўнатмаслигини маълум қилган. Ливия раҳбари Муаммар Каддафи эса агар АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари олиб чиқилмасдан Ироққа мусулмон давлатлари кучлари олиб кирилса, ироқликлар уларни босқинчи кучлар сифатида қабул қилишлари мумкин, деган фикр билдирган.

Қизиғи шундаки, бир неча ой олдин АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэл Саудия Арабистони режасини олқишлаган эди.

Оқ Уй бу режари рад этди. Май ойи охирида Ироқ муваққат ҳукумати Бош вазири Ияад Алавий Бангладеш, Бахрайн, Миср, Марокаш, Тунис, Уммон ва Покистон раҳбарларига расмий мактуб йўллаб, Ироққа қўшин жўнатишларини сўраган эди. Ҳозир Ироқда АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари таркибида аҳолисининг аксари мусулмон бўлган атиги икки давлат, Озарбайжон ва Қозоғистон ҳарбийлари хизмат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG