Линклар

logo-print

Украинада Президентлик сайловлари яқинлашмоқда


Фаррух Юсуфи 31 октябр куни Украинада Президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Сайловларда номзод сифатида 26 киши қатнашади. Лекин президентликка асосий даъвогарлар иккита. Булар – Украинанинг ҳозирги Бош Вазири Виктор Янукович ва мамлакатда асосий муҳолифат партия ҳисобланган «Наша Украина»нинг номзоди Виктор Юшенколар. Оҳирги сўровларга кўра, ҳар иккала номзод рейтинги ўртасидаги тафовут қисқарган.

Украинада ўтказилган сўнгги сўровларга кўра, президентликка асосий даъвогарлар Виктор Янукович ва Виктор Юшенко қолган номзодларни ортда қолдириб, таҳминан бир хил рейтингга эга бўлиб турибди.

Януковични 34% сўровда қатнашганлар қўллаб-қувватлаган бўлса, Юшенко 32% овоз олган. Қолган номзодлар 5%гача овоз йиғишган.

Сосис-Гэллап сўров маркази директори Наталья Похорилканинг Озодлик радиосига айтишича, сайлов кампанияси бошлангандан бери Януковични биринчи марта шунча одам қўллаб-қувватлаган.

«Ўтган икки ҳафта давомида Юшенко рейтинги икки фоизга тушиб кетди. Януковичнинг рейтинги эса олти фоизга ошди», - дейди Похорилка

«Демократик ташаббуслар» номли тадқиқот институти директори Илко Кучеривнинг фикрича, Януковичнинг илгарилаб кетишини Юшенконинг қарийб бир ой давомида сайлов кампаниясида қатнашмаганлиги билан изоҳлаш мумкин. Юшенко ўша вақтда жиддий касал бўлган. Унинг тарафдорларининг таъкидлашларича, Юшекнони заҳарлашган.

Илко Кучеривнинг айтишича, бош вазир лавозимини эгалловчи Януковичнинг сайловчилар орасидаги рейтинги кўтарилганига унинг ўтган ойда пенсияларни оширгани сабаб бўлган.

Шунингдек, кузатувчиларнинг фикрларига кўра, Януковичнинг рус тилини иккинчи давлат тили сифатида қабул қилиш ва қўш фуқароликни жорий этиш ташаббуслари Украина аҳолисининг 20%ни ташкил этган русий забон сайловчиларнинг ҳайриҳохлигини қозинишга қаратилган.

Ўз чиқишларида Янукович, Ғарб ва Европа Иттифоқи билан алоқалар муҳимлигини инкор қилмаса-да, Россия билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳқамлаш кераклигини қайта-қайта такрорлаган.

Юшенко эса Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилиши керак, деган фикрларни илгари сурмоқда.

Юшенко сайлов кампаниясига ўтган ҳафта қайтган. Ўтган шанба куни у Киевда бир неча минг талаба иштирокидаги намойишда сайловларда ғолиб бўлишига ишончи комил эканини баён қилди.

«Сизга сўз бераманки, агар менда 31 окбтябр куни биз биргаликда ютиб чиқишимзга заррача шубҳа бўлганда эди, бугун бу ерда сизнинг олдингизда турмаган бўлар эдим. Лекин мен шу ердаман, чунки сизга ишонаман, нима қилишни биламан ва Украинага ишонаман», - деди Юшенко ўз чиқишида


Сайлов кампанияси давом этаркан, етакчи номзодларнинг тарафдорлари бир-бирларини кампания давомида жирканч усуллардан фойдаланаётганликда айбламоқда.

Янукович тарафдорлари муҳолифат номзодлари ютқизадиган тақдирда, улар зўравонлик ва тартибсизликлар уюштиришларини таъкидламоқда. Уларнинг айтишича, ўтган шанба куни Янукович етакчилик қилаётган Украина Регионлари партиясининг Киевдаги идорасига тахминан 15 киши ҳужум қилиб, қоровулга тан жароҳатлари етказишган ва офис жиҳозларини бузган.

Юшенко тарафдорлари эса, ҳукумат Януковчига мамлакат ахборот воситаларида тарғибот учун чегараланмаган миқдода имконият берган, дея таъкидламоқда. Шунингдек, муҳолифат вакиллари ҳукумат сайлов натижаларини қалбакилаштириши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтмоқда.

Киевдаги «Демократик ташббуслар» номли тадқиқот марказининг ижтимоий масалалар бўйича мутахассиси Ирина Бекешинанинг Озодлик радиосига айтишича, сўнгги сўровларга кўра, сайловчиларнинг кўпчилиги сайлов кампанияси давомида Януковичга кўпроқ шароит яратиб берилган, деб ўйлайди.

«Сайловчиларнинг кўпчилиги сайлов олди кампанияси адолатсиз ва нопок олиб бориляпти, деган фикрда. Улар овозларнинг адолатли саналишига, телевидение ва матбуот кампанияни ҳаққоний ёритаётганига ишонмайди. Шунингдек улар ҳамма имконлар битта номзодга, Януковчига берилган, бошқа номзодларнинг эса сайловчилар билан мулоқот қилиш имкониятлари йўқ, деган фикрга эга», - дейди Бекешина.

Айни пайтда муҳолифатни қўллаб-қувватлаётган талабалр гуруҳлари сайловлар адолатсиз ўтса, намойишлар ўтказишлари ҳақида огоҳлантирмоқда.
XS
SM
MD
LG