Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:07

Вилоят ҳокими қизининг шохи бор…ми?


Турғунбек Андижонда ишга яроқли аҳолининг асосий қисми, шунингдек, 2-синф ўқувчиларигача мажбуран пахта теримига жалб этилган. Аммо, хабарларга кўра, вилоят ҳокимининг қизи ва жияни ўқиётган тиббиёт коллежидаги бир бўлим теримга чиқарилмаган.

“Озодлик” мухбири Андижон вилоятида аҳоли пахта теримига мажбуран чиқарилаётгани, туманларда ўқув муассасалари ёпилгани ҳақидаги маълумотларни ўрганиш мақсадида Андижон туманидаги 4 ва 21-мактабларда бўлди. Ҳақиқатан ҳам, мактаб ўқувчилари пахта теримига олиб кетилган экан. Мухбир пахта даласида бўлганида ўқувчилардан тортиб ўқитувчиларгача очилмаган кўсакларни териб, тош билан ёриб, пахтасини олаётганига гувоҳ бўлди. Бу ерда 4-мактабнинг 2-синф ўқувчилари ҳам кўсак чувиётганди. Уларнинг айтишича, бу ишлари учун ҳақ тўланмайди.

Андижон шаҳридаги тиббиёт коллежининг 1-курс талабалари ҳам Улуғнор туманига пахта теришга олиб кетилган. Лекин ушбу курснинг умумий ҳамширалик бўлимидаги 102-гуруҳ талабалари теримга жалб қилинмаган. Улар ўқишни давом эттирмоқда. Бунинг сабаби шуки, маълум бўлишича, мазкур гуруҳда вилоят ҳокими Сайдулло Бегалиевнинг қизи ва жияни ҳам таълим олади.

“Озодлик” мухбири ушбу маълумотга аниқлик киритиш мақсадида коллежга қўнғироқ қилганида, у ердагилар ҳокимнинг қизи ва жияни таълим олаётган умумий ҳамширалик бўлими теримга олиб чиқилмаганини тасдиқлади.

Демак вилоят ҳокимининг балоғатга етган қизи ўқишни давом эттиряпти, 2-синфда ўқийдиган мурғак болакайлар эса пахта термоқда.
XS
SM
MD
LG