Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:39

Ўзбекистонда 120 та сайлов округи тузилди


Шайбон 21 октябр куни Миллий матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси раиси Бўритош Мустафоев ҳамда МСК матбуот маркази раҳбари Қудратхўжаев иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуман аввалида маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туманлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига ўтказиладиган сайлов учун тегишли ҳудудлар доирасида сайлов комиссиялари тузиш бўйича МСКга тақдимномалар киритилган. МСК ушбу тақдимномалар асосида сайлов округлари ҳақида қарор қабул қилган. Ушбу қарорга кўра, мамлакат бўйича очиладиган 120 та сайлов округининг рўйхати, тартиб рақами, номланиши, чегаралари ва сайловчиларнинг миқдори белгиланган. 15 октябрь куни округ сайлов комиссиялари тузилган ва уларнинг аъзолари белгиланган. Бу сайлов комиссиялари таркиби округ сайлов комиссияси раиси, унинг ўринбосари, котиби ва саккиз ходимдан иборат бўлади. Қорақалпоғистондаги округ сайлов комиссияси таркибида эса раис, ўринбосар, котиб ва ўн ходим бор. Жами комиссиялардаги аъзолар сони 1334 киши бўлиб, уларнинг 202 нафари аёллар, 1167 нафари олий маълумотли мутахассис, 13 нафари фан доктори, 29 нафари фан номзодидир. Комиссиялар таркибида 14 миллат вакиллари бўлиб, улардан 41 нафари тожик, 33 нафари қорақалпоқ, 26 нафари қозоқ, 14 нафари рус, 10 нафари татар ва ҳоказо.

МСК раиси Б.Мустафоевнинг сўзларига қараганда, йиғилган имзолар текширилгандан сўнг шу кунгача Ўзбекистон халқ демократик партияси, “Фидокорлар” миллий демократик партияси, Ишбилармонлар ва тадбиркорлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партиясига сайловда иштирок этишга ижозат берилган. Қолган партиялар топширган имзолар ва аризалар устида ишлар давом этмоқда. Ташаббус гуруҳлари эса рўйхатдан ўтиш учун 24 октябргача ҳужжатларини тақдим этиши мумкин.

Б.Мустафоевнинг таъкидлашича, экспертлар топширилган имзолар орасида 7 фоизгачаси яроқсиз эканини аниқлаган. Қонун бўйича имзоларнинг 10 фоизгачаси сохта деб топилса, лекин ҳақиқий деб топилган имзолар сони 50 мингдан кам бўлмаса, партияларнинг сайловга қатнашишига рухсат этилади.

Андижонда бундан бир неча кун муқаддам мустақил ташаббус гуруҳи рўйхатга олинмагани ҳақида хабарлар тарқатилганди.

“Озодлик” мухбири бу масалага ойдинлик киритишни сўраб Ш.Қудратхўжаевга мурожаат этди.

“Биз бу масалани ўрганиб чиқдик. Бу ерда ташаббус гуруҳи вакили хатога йўл қўйган. Қоидага кўра, ваколатли вакил идорага бориб ҳужжатларини тақдим этади. Лекин Андижондаги ҳолатда номзоднинг юзи сайлов комиссиясига оғзаки мурожаат этган. Шунинг учун комиссия уни қайтариб юборган. Иккинчи куни ҳужжатлар расман тақдим этилгандан кейин ташаббус гуруҳ ҳужжатлари қабул қилинди”, деди Ш.Қудратхўжаев.
XS
SM
MD
LG