Линклар

logo-print

Қонун ҳукуматга мойил партиялар манфаатларини кўзлайди


Ўзбекистондаги расмий партиялар, мухолифат вакиллари декабрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловига катта тайёргарлик кўрмоқда. “Озодлик” мухбири Фарғона водийсидаги оддий сайловчилар, маҳаллий ва хорижлик кузатувчиларнинг бўлажак сайлов ҳақидаги фикрларини ўрганди.

Қўқонлик уй бекаси Гулнора Пўлатованинг сўзларига қараганда, у икки палатали парламент сайловида иштирок этиши кутилаётган сиёсий партиялар фаолиятидан норози. Зеро, бу партиялардан аввалги сайловда Олий Мажлисга депутатликка сайланган кишилар сайловчиларга берган ваъдаларини бажармаган. Улар депутат бўлгандан сўнг халқ билан учрашмаган, муаммоларни ўрганмаган.

Фарғоналик журналист Салимахон бўлажак сайлов илгаригисидан деярли фарқ қилмаслигига ишонишини айтди.

“Аввалги сайловда Тошлоқ сайлов округидан Олий Мажлис депутатлигига номзоди кўрсатилган журналист Ёқубжон Хўжамбердиевга ёрдамчи эдим. Ўшанда сайлов аҳмоқона ўйин эканига гувоҳ бўлганман. Бу сафар ҳам номлари олдиндан тасдиқланган кишилар депутат ёки сенатор бўлади. Менимча, тасдиқланганлар рўйхатига Ўзбекистоннинг эртасини, халқнинг дардини ўйлайдиганлар кирмаса керак”, деди Салимахон.

АҚШдаги Демократияни қўллаб-қувватлаш миллий жамғармасининг Марказий Осиё ва Кавказорти дастури мувофиқлаштирувчиси Маша Ланскаянинг таъкидлашича, сайлов жараёнида ташаббус гуруҳларига тузишга қаршилик қилинмаса, Ўзбекистонда демократия сари ўсиш бўлиши мумкин.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймоновнинг фикрича, сайлов тўғрисидаги қонунда ташаббус гуруҳларига нисбатан сиёсий партияларга кенгроқ имкониятлар яратилган. Масалан, сиёсий партия барча округлардан номзод кўрсатиш учун мамлакат бўйича 50 минг имзо йиғиши керак. Лекин мустақил номзод кўрсатиш учун ташаббус гуруҳи битта округдан 10 мингга яқин имзо тўплаши талаб этилади. Бу эса сайлов тўғрисидаги қонунлар ҳукуматга мойил бўлган партиялар манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилинганидан дарак беради.

Наманганлик мустақил кузатувчи Рашид Абдуллонинг эътирофича, икки палатали парламент тузиш билан Ўзбекистондаги сиёсий тизим демократиялашиб қолмайди. Шу кунгача ҳам Олий Мажлис томонидан кўплаб қонунлар қабул қилинган. Лекин улардан бирортасининг ижроси таъминланмаган ва мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётига таъсир кўрсатмаган.
XS
SM
MD
LG