Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:19

Эрон ўзининг ядровий дастуридан возкечадими?


Арол Пайшанба куни Австрия пойтахти Венада Европанинг уч йирик давлати - Британия¸ Франция ва Германия расмийлари Теҳрон ҳукумати вакиллари билан учрашиб¸ Эроннинг ядровий дастури масаласини муҳокама қилдилар. Учрашувда Эронга ядровий дастуридан воз кечиш эвазига айрим янги технологияларни беришга тайëрликларини билдиришди. Эрон томони Европанинг уч давлати тақдим қилган таклифни кўриб чиқишга розилик билдирди.

Вена музокаралари иштирокчилари¸ агар Эрон уранни бойитиш бўйича фаолиятини бутунлай тўхтатса¸ унга тинч мақсадларга қаратилган ядровий технологиялар беришни таклиф қилишган. Шу билан бирга Эронга савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ядровий ëқилғи сотиб олиш имкониятини беришга тайëр эканликларини ҳам маълум қилишган.
Дипломатлар фикрича¸ Эрон мазкур уч давлат таклифини кўриб чиққач уни қабул қилмаса Европа Иттифоқи давлатлари АҚШнинг Эронга нисбатан позициясини қўллаб-қувватлашлари мумкин. АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгаши Эронга нисбатан жазо чоралари жорий қилиниши керак¸ деб ҳисоблайди. Британия¸ Франция ва Германия Хавфсизлик Кенгашида шундай жазо чораларини қўллаб-қувватлаши мумкин.

Музокараларда қатнашган Эрон расмийси Сирус Носирийнинг айтишича¸ Теҳрон сўзлашувларни давом эттиришга розилик берган ва келаси бир неча кун ичида ушбу уч давлат вакиллари билан музокаралар қайта давом эттирилиши мумкин. "Биз биринчи босқичдамиз¸ ҳали тарафлар муҳокама қиладиган масалалар талайгина"¸ дейди Эрон вакили Носирий.
Венада музокаралар бошланган айни кунда Теҳронда Эрон собиқ президенти Ҳошимий Рафсанжоний "Биз ўз позициямизни маълум қилганмиз. У ўзгармайди. Муаммони музокаралр ва дипломатик йўл билан ҳал қилиш керак. Агар дипломатик фаолиятлар жиддийроқ олиб борилса¸ муаммо ҳал бўлиши мумкин"¸ деб баëн этди.

Айни пайтда АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили Ричард Баучер "Эроннинг баëнотлари ва амалларидан маълум бўлишича¸ Халқаро Атом Энергияси Агентлиги резолюциясига амал қилишдан йироқда эканлиги кўзга ташланади"¸ деб фикр билдирди.
Вашингтон ҳукуматига кўра¸ агар Эрон ХАЭА билан ҳамкорлик қилмаса¸ агентликнинг 25 ноябрда ўтказиладиган йиғилишида Эрон масаласи БМТ Хавфсизлик Кенгашига топширилиши керак.

"Биз айни қарашда қоламиз. Афсуски¸ Эрон Халқаро Атом Энергияси Агентлиги талабларини бажариш бўйича ҳеч нарса қилмаяпти. Балки кўп вақтлардан буён ядровий хавфсизлик борасидаги келишувларга амал қилишни истамаëтганини намойиш қилмоқда. Шунинг учун бу масала БМТ Хавфсизлик Кенгашига топширилиши керак"¸ дейди АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили Ричард Баучер.

Аммо президент Муҳаммад Хотамий Эрон ядровий қурол яратишга уринмаëтганига халқаро жамоатчиликни ишонтириш учун ҳар қандай ҳамкорлик қилишга тайëр¸ деб билади. Шу билан бирга у тинч мақсадларга қаратилган ядровий технологиядан фойдаланишга Эрон ҳақли эканлиги расман тан олинишини истайди.
XS
SM
MD
LG