Линклар

logo-print

Матбуот анжуманига тош нуқта қўйди


Шайбон 22 октябрь куни “Озод деҳқонлар” партияси марказий кенгаши аъзолари матбуот анжумани ўтказди. Унда партия бўлажак парламент сайловига бойкот эълон қилиши таъкидланди.

Матбуот анжумани белгиланган вақтдан бироз кечроқ бошланди. Бунга “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова сўзи билан айтганда, “чақирилмаган меҳмонлар” ҳеч бир огоҳлантиришсиз анжуман хонасига кириб келиши сабаб бўлди. “Чақирилмаган меҳмонлар” Самад Мурод бошчилигидаги ўзларини “Эрк” партиясининг янги қаноти вакиллари деб атаётган Иномжон Турсунов ва Элдор Эркин эди. “Меҳмонлар” қўриқчилар ёрдамида хонадан чиқариб юборилгандан сўнг матбуот анжумани эшиклар тамбаланган ҳолда бошланди.

Н.Ҳидоятова дастлаб матбуот анжумани ўтказишга ундаган сабаблар ҳақида тўхталди.

“Мен ўтган ҳафтада Ёзёвонда бўлиб қайтдим. У ерда одамларга таҳдидлар бўлаётгани, тарафдорларимизнинг хонадонларига бостириб кирилиб, мен учун йиғилган имзолар рўйхати тортиб олинганини шахсан хонадонма-хонадон юриб ўргандим. Шундан сўнг мен одамларни бундай хавфга рўбарў этмасликка аҳд қилдим. Тошкентга қайтгач, партиямиз марказий кенгаши аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда сайловни бойкот қилишга қарор қилдик”, деди Н.Ҳидоятова.

Н.Ҳидоятованинг сўзларига қараганда, партия марказий кенгашининг бундай қарорга келишига бошқа ҳолатлар ҳам сабаб бўлган. Хусусан, ташаббус гуруҳлари кенг миқёсда ташвиқот ўтказиш имкониятига эга эмас. Қолаверса, улар телевидение, радио ёки марказий газеталарга яқин йўлатилмайди.

Н.Ҳидоятова барча демократлар бу қарорни қўллаб-қувватлашига, жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистондаги демократия ўйинлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишига, жойларда тузилган ташаббус гуруҳлари ўз фаолиятини тўхтатишига умид билдирди.

Матбуот анжуманида “Эрк” демократик партияси марказий кенгаши котиби Отаназар Орипов ҳам иштирок этди. “Озодлик” мухбири ундан “Эрк”нинг бу қарорга муносабатини сўради.

Унинг айтишича, “Эрк” партияси “Озод деҳқонлар” қарори юзасидан ўз баёнотини тайёрламоқда. Тез кунда бу баёнот эълон қилинади.

Матбуот анжуманида “Озод деҳқонлар” партиясини қўллаб-қувватлаш гуруҳи вакили, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева партия қарорини Марказий сайлов комиссиясига билдириш мақсадида 22 октябрь куни Олий Мажлис биноси ёнида пикет уюштирилганини маълум қилди.

“Биз Олий Мажлис ёнида атиги беш дақиқа тура олдик, холос. МСК раиси Б.Мустафоев истеъфоси талаб қилинган плакатларни ёзишимиз билан югуриб келган барваста йигитлар бизни тепиб йиқитди ва плакатларни тортиб олди. Икки сафдошимиз эса машинага тиқилиб, номаълум томонга олиб кетилди. Ҳозирга қадар уларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда”, деди Е.Урлаева.

Е.Урлаева сўзларини тугатиб улгурмай матбуот анжумани ўтаётган бино ойнасига ташқаридан тош отилди. Тош хонада бўлган чет эл дипломатлари ёнига келиб тушди. Улар ост-бошларини ойна синиқларидан тозалашга улгурмай, яна бир тош отилди.

Шундан сўнг матбуот анжумани тўхтатилди.
XS
SM
MD
LG