Линклар

logo-print

Ташаббус гуруҳи депутатликка номзод кўрсатди


Қўқонда ташкил этилган мустақил ташаббус гуруҳи Ўзбекистонда декабрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловига “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажоновнинг номзодини депутатликка кўрсатди.

Ташаббус гуруҳи ҳайъати раиси Ҳамдам Сулаймоновнинг сўзларига қараганда, гуруҳ йиғилишини ўтказишда катта қийинчиликларга дуч келинган. Дастлаб йиғилиш 21 октябрь куни Қўқондаги “Фарҳод” чойхонасида ўтказилиши режалаштирилган эди. Бу тадбирга розилик билдирган чойхона хўжайини 20 октябрь куни кечқурун ўзига юқоридан тазйиқ бўлаётганини айтиб, берган ваъдасидан қайтган. Шундан сўнг Ҳамза номидаги театр директори билан йиғилишни шу ерда ўтказишга келишилган. Шаҳар ҳокимлиги ҳам бунга рухсат берган.

21 октябрь куни эрталаб “Озодлик” мухбири ташаббус гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган театр олдига келганида бу ерда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари жуда кўп, театр эшиги эса берк эди. Эшикда театрда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ёзилганди. Шундан сўнг ташаббус гуруҳи йиғилишни яқин-ўртадаги амфитеатрда ўтказишга мажбур бўлди.

Йиғилишда расмий рўйхатга кўра 517 киши қатнашди. Уларнинг барчаси “Бирлик” халқ ҳаракати партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажоновнинг номзодини парламент депутатлигига кўрсатишга розилигини билдирди. Номзод кўрсатиш учун лозим бўлган имзолар йиғилишнинг ўзида тўпланди.
XS
SM
MD
LG