Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:14

Ҳьюман райтс уотч” ЕХҲТни Ўзбекистонга кузатувчилар юбормасликка даъват этди


“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти 18 октябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига мактуб йўллаб, ЕХҲТни Ўзбекистонда ўтадиган парламент сайловига ўз кузатувчиларини юбормасликка даъват этди.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича ижрочи директори Ҳолли Картнер имзоси билан юборилган мактубда ёзилишича, “Ҳьюман райтс уотч” ЕХҲТнинг унга аъзо давлатларда эркин ва адолатли сайлов ўтказиш йўлида қилаётган ҳаракатларини қадрлайди. Зеро, ЕХҲТ минтақада инсон ҳуқуқлари таъминланишида эркин ва адолатли сайловлар ҳамда инсон ҳуқуқлари кафолати учун фикрлар хилма-хиллиги зарурлигига урғу бериб келяпти.

Мактубда таъкидланишича, агар яқин ойларда туб ўзгаришлар қилинмаса, Ўзбекистонда парламент сайловида фикрлар хилма-хиллиги бўлмайди.

“Шунинг учун биз ЕХҲТни Ўзбекистонга кузатувчилар юбормасликка даъват этамиз. Чунки агар ЕХҲТ ўз кузатувчиларининг тўлиқ миссиясини Ўзбекистонга юбормаса, бу жуда муҳим бонг бўлади. Зеро, кузатувчиларнинг тўлиқ миссияси фақат адолатли сайловлар ўтказилиш шароити мавжуд мамлакатларгагина юборилиши мумкин”, дейилади мактубда.

“Ҳьюман райтс уотч” мактубда билдирилган танқидий фикрларни мамлакатда бирорта ҳам мухолифатдаги партия рўйхатга олинмагани билан асослашга ҳаракат қилади.

“Ҳьюман райтс уотч”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиласи Алисон Гилл хонимнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда эркин сайлов ўтказилишига нишона ҳам йўқ. Мухолифатдаги партиялар сайловга қатнаша олмайди. Ташаббус гуруҳлари орқали эса жуда кам номзод кўрсатилиши кутиляпти. Мамлакатда сўз эркинлиги улкан тазйиқ остида. Мустақил журналистлар ёзган мақолаларини маҳаллий матбуотда эълон қила олмайди. Умуман ҳозир Ўзбекистонда мустақил оммавий ахборот воситаси йўқ.

А.Гиллнинг фикрича, Ўзбекистонда сайлов жараёнлари ташаббус гуруҳларидан кўрсатилган мустақил номзодлар учун жуда қийин кечмоқда. Чунки сайлов қоидалари тез-тез ўзгариб турибди. Масалан, яқинда қўқонлик бир аёл ўз жамоасини йиғиб, депутатликка номзодини кўрсатмоқчи бўлган. Лекин бунга ҳокимият йўл қўймаган. Хуллас, мустақил номзодлар учун тўғри шароитлар яратилмаган.

“Озодлик” мухбири “Ҳьюман райтс уотч”нинг ЕХҲТга йўллаган мактубига муносабат сўраб Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази раҳбари Шерзод Қудратхўжаевга мурожаат этди.

Унинг таъкидлашича, , “Ҳьюман райтс уотч” ҳақиқат ва адолат бобида якуний хулоса берадиган энг сўнгги ташкилот эмас. Унинг бирор давлат хусусида чиқарган хулосаларини тўлиқ ҳақиқат сифатида баҳолаш жуда қийин. Қолаверса, ЕХҲТ мустақил ташкилот. У ўз тамойиллари ва вазифалари доирасида фаолият кўрсатади ҳамда сиёсий қарорлар қабул қилади. Ўзбекистонда сайловлар халқ учун, мамлакат ҳаётини яхшилаш учун ўтказилади. Шу маънода Ўзбекистон сайловда халқаро кузатувчилар иштирок этишини хоҳлайди. Бироқ бирор бир кишининг бу шаклда баҳо бериши Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг боришига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Ҳали ўтмаган сайловда мухолиф фикр билдирилмади ёки мустақил ОАВ вакиллари иштирок этмади, дейиш нотўғридир.
XS
SM
MD
LG