Линклар

Ўзбек чегарачилари ўзбекни отиб ўлдирди


Фирдавс Хабарларга қараганда, жорий йилнинг 4 октябрь куни Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегара ҳудудида – Қашқадарё вилоятнинг Таллимаржон шаҳри яқинида ўзбек чегарачилари Ўзбекистон фуқаросини отиб ташлаган.

Отиб ўлдирилган йигит – Мелис Тоштемиров 1982 йилда Қарши туманининг Тўрақул қишлоғида туғилган.

Оила аъзоларининг айтишича, Мелис бир неча йилдан буён Туркманистондан Ўзбекистонга бензин олиб ўтиш билан шуғулланган. Бу ишни у оиласини боқиш мақсадида қилиб келган.

М.Тоштемировнинг холаси, Таллимаржон шаҳрида яшовчи Гулчеҳра Қурбонованинг сўзларига қараганда, жияни Туркманистондан бензин олиб келиш учун бораётганида ўзбекистонлик чегарачилар томонидан отиб ташланган. Бу пайтда у ҳатто чегарага яқинлашмаган ҳам. Мелис жуда яқин масофадан туриб отилгани боис шифохонага етмасданоқ жон берган. Оила аъзолари Мелисни қайси чегарачи отганини шу вақтгача аниқ билмайди. Бу воқеага 20 кунча бўлиб қолган эса-да, Мелиснинг ўлимига айбдор чегарачининг жиноий жавобгарликка тортилган-тортилмагани ҳам қоронғулигича қолмоқда. Ҳарбийлардан бирортаси оилага таъзия билдиришга ҳам келмаган.

Мелиснинг онаси Шарофат Расулованинг таъкидлашича, ўғли иш йўқлиги сабабли қўшни давлатдан бензин олиб келиб сотиш билан шуғулланишга мажбур бўлган.

Тўрақул маҳалла фуқаролар йиғини раиси Неъмат Сайфиев қишлоқда жуда кўпчилик ишсиз юрганини рад этди. Унинг билдиришича, ширкат хўжалиги пахтачилик, чорвачилик, ғаллачилик соҳасида катта имкониятларга эга. Бу ерда яшайдиганларнинг кўпчилиги шу соҳада иш билан банд. Мелис Тоштемировнинг бензин контрабандаси билан шуғуллангани сабаби ишсизлик эмас, балки мўмай даромад орқасидан қувишдир.

Г.Қурбонованинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, М.Тоштемиров билан содир бўлган воқеадан кўп ўтмай яна бир ўзбек йигити туркман чегарачилари томонидан отилган. Ўқ йигитнинг қўлига теккан.
XS
SM
MD
LG