Линклар

Қашқадарёлик пикетчиларга муомала қандай бўлди?


Фирдавс Хабарларга қараганда, 20 октябрь куни БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси олдида уюштирилган пикетда иштирок этган қашқадарёликлар милиция кузатувида ўз юртига олиб келинган ва баъзиларга жисмоний тазйиқлар ўтказилган.

Ваколатхона олдидаги пикетда иштирок этган бир гуруҳ қашқадарёликлар “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айбланиб судланаётган яқинларининг ҳеч қандай жиноят содир этмагани, уларга қўйилган айблар тўқиб чиқарилганини билдирган эди. Пикет давомида ва ундан кейин уларга тазйиқлар ўтказилмаган.

Пикетчиларнинг айтишича, улар 21 октябрда Олий судга борган ва яқинларига адолат қилинишини сўраб, илтимоснома киритган. Шундан сўнг Қашқадарёдан борган 4 нафар милиция ходими уларни машинада Қаршига олиб келган. Кечки соат 10 ларда улар манзилга етиб келган ва шаҳар милицияси биносига олиб кирилган. Бу ерда пикетчилар билан шаҳар прокурори ва милиция бошлиғи суҳбатлашган.

Пикет иштирокчиси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шаҳло Раҳмонованинг сўзларига қараганда, прокурор ва милиция бошлиғи уларга яхши муомалада бўлган. Уларнинг ҳолатини тушунишини, нима бўлганда ҳам аппеляция судидан сўнг юқори идораларга мурожаат қилиши мумкинлигини билдирган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси, пикетчилар билан бирга бўлган Нодир Аҳадов эса ўзига нисбатан милиция ходимлари бошқачароқ муомала қилганини таъкидлади.

“Мени дарҳол пикетчилардан ажратиб, бошқа хонага олиб киришди. Терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи менга тушунтириш хати ёзишни буюрди. Мен ёзмаслигимни айтдим. Шу вақт майор Давлат Эштемиров хонага кириб, вазиятни билгач, бошимга ура кетди. Ҳушимдан кетиб йиқилдим”, деди Н.Аҳадов.

Н.Аҳадовнинг маълум қилишича, у ҳушига келгандан кейин милиционерлар яна уришни давом эттирган ва нима сабабдан пикетга қатнашгани ҳақида тушунтириш хати ёздириб олган.

Н.Аҳадовнинг калтакланганлик фактини Ш.Раҳмонова ҳам тасдиқлади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти бўлими раиси Ёдгор Турлибековнинг билдиришича, сўнгги вақтларда вилоятда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига муносабат анча кескинлашган. Масалан, яқинда жамият аъзоси Нурали Кўлобов суд ҳукми билан 10 кунга қамоққа тиқилган. Унга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида хабарлар бор.
XS
SM
MD
LG