Линклар

logo-print

Ўзбек чегарачиларининг қуроли тортиб олинди


Зикрилло Ишонч Жанубий Қозоғистон вилояти ички ишлар бош бошқармаси томонидан 21 октябрь куни тарқатилган хабарга қараганда, Ўзбекистондан Қозоғистонга бир прицеп пахтани контрабанда йўли билан олиб ўтишга уринган номаълум шахслар ўзбек чегарачилари томонидан қўлга олинган.

Хабарда айтилишича, номаълум шахслар куч ишлатиб, ҳарбийлар қўлидаги қуролларни тортиб олган ва кўздан ғойиб бўлган. Эрта саҳарда қуроллар ҳодиса содир бўлган ҳудуд яқинидан топилган.

Маълумотларга кўра, ўша куни чегара ҳудудидаги Гулистон қишлоғидан турли даражада тан жароҳати олган икки фуқаро – Юнус ва Тоҳир Кўчаровлар Мақтаорол туманидаги марказий шифохонага олиб келинган.

Жабрланганларнинг сўзларига қараганда, тунги соат иккида улар ўзбек ҳарбийлари таклифига биноан пахта олди-соттисини амалга ошириш учун чегарадаги Сардоба ариғи олдига келган. Бундай савдолар илгари ҳам бир неча марта амалга оширилган. Бироқ бу гал Анвар исмли чегарачи контрабанда пахтанинг нархи устида харидорлар билан келиша олмаган. Ўртада чиққан жанжалдан сўнг харидорлар чегарачиларнинг қуролларини тортиб олган ва ариққа улоқтирган.

Маълум бўлишича, шифохонада Кўчаровларга бош мия чайқалиши, турли даражада тан жароҳати олиш ташхиси қўйилган.

“Озодлик” мухбири ушбу воқеа юзасидан Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидан маълумот ола олмади.
XS
SM
MD
LG