Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 02:00

Украинада норозилик намойишлари


Фарангис Саид СУ: 31 октябр куни Украинада президентлик сайловлари бўлиб ўтади. 23 октябр, шанба куни пойтахт Киевда мухолифат партиялари норозилик намойиши уюштирди. Ушба намойиш ва сайловлар ҳаӄида ҳамкасбим Фарангис Саид билан суҳбатлашамиз. Норозилик намойишидан бошласак суҳбатимизни...

ФС: Шанба куни Киев марказида мухолифат лидери, президентликка номзод Виктор Юшенконинг минглаб тарафдори тўпланиб, Марказий сайлов комиссияси биносигача юриб борди. Мухолифат раҳбарлари, жумладан Юшенко чиӄиш ӄилган. У, жумладан, 31 октябр куни Украина тарихидаги буюк кун бўлади, деб айтган. Хабарларга кўра, намойишда ӄарийб 50 минг одам ӄатнашмоӄда.

Киевдаги мухбиримиз Асколд Крушельницкий намойишга йиғилганлар сони ундан ҳам кўплигини маълум ӄилар экан, намойиш ҳаӄида бундай хабар беради:

”Расмийлар уринишларига ӄарамай, бутун Украинадан келган одамлар Киев марказида тўпланди. Ваҳоланки расмийлар Юшенко тарафдорларига тўла автобусларни тўхтатди. Бугун куннинг биринчи ярмида поезд ва самолётлар рейслари ваӄти ва йўналишини ўзгартиришга ҳаракат ӄилди.

СУ: Юшенко - президентликка даъво ӄилаётган асосий номзодлардан бири, шундайми?

ФС: Тўғри. Сайловларда 26 даъвогар сайловчилар овозини ӄозонишга уринади. Лекин айнан Юшенко ва Украинанинг ҳозирги Бош вазири Виктор Янукович энг кучли ва обрўли номзодлар сифатида кўрилмоӄда.

Асли донецклик, шахтёрлар таянчига эга Януковични президент Кучма баробарида расмий Москва ҳам ӄўллаб-ӄувватламоӄда. Чунки Янукович Россия билан алоӄаларни чуӄурлаштириш тарафдори. У, масалан, рус тилида украин тили баробарида давлат тили маӄомини бериш ниятини билдирган.

50 яшар Виктор Юшенко раҳбарлигидаги “Наша Украiна” номли сиёсий иттифоӄ аъзолари орасида миллатчи ва либерал кучлар, йирик тадбиркорлар ва Кучма билан уришиб ӄолган собиӄ амалдорлар ҳам бор. Юшенко президент этиб сайланса, коррупция ва ӄашшоӄликка ӄарши кураш олиб боришини баён этмоӄда. У, шунингдек, ерни хусусийлаштириш жараёнини якунлаш ва армияни ислоҳ ӄилиш режаларини эълон ӄилди.

Юшенко Ғарбда обрўга эга. Шу боис Кремл унга шубҳа билан ёндашмоӄда, чунки Юшенко президент этиб сайланган таӄдирда, Украина Ғарб томон оғиши ва ҳатто НАТОга ӄўшилиш ташаббуси билан чиӄиши мумкин.

СУ: Сайловолди ўйинида тарафлар ўртасидаги раӄобат шу даражага етди-ки, ҳатто заҳардан ҳам фойдаланилди, деган гаплар бор...

ФС: Ҳаӄиӄатан ҳам, сентябр охирида Юшенко Венадаги касалхонага ётӄизилган эди.

Юшенко шифокори ўшанда Озодлик радиосига берган интервьюсида беморга аниӄ диагноз ӄўйилмаганини айтиб, унинг заҳарлангани эҳтимолини инкор этмаган эди.

Мухолифат етакчиси ёрдамчиси эса Юшенко организмида кимёвий модда топилганини билдириб, президентликка номзодни заҳарлашга уринганлар, дея иддао ӄилди. У, шунингдек, “ҳозирги раҳбарият ҳокимият чўӄӄисида ӄолиш учун ҳамма нарсага тайёр”, деб таъкидлади.

СУ: Ҳозирги раҳбарият деганида у ҳозирги Бош вазир Виктор Янукович ҳамда уни ӄўллаб-ӄувватлаётган президент Леонид Кучмани назарда тутган-да...

ФС: Ҳаӄиӄатан ҳам, кўпгина кузатувчилар фикрича, раӄибларни бартараф этиш йўлида Украина раҳбариятининг ғайриӄонуний йўл тутиши эҳтимолдан холи эмас.

Масалан, 1998 йилда Украина Марказий банки раиси, Юшенко сафдоши Вадим Хетман ўз уйи олдида отиб ўлдирилган эди. 1999 йилда “Камаз” юк ташувчи машинаси миллатчилар ҳаракати раҳбари Вячеслав Чорновилни босиб кетди. 1999 йилда, шунингдек, сўл кучлар етакчиси, ҳозирда президентликка номзод Наталия Витренко отишмада аранг омон ӄолди. 2000 йилда мустаӄил журналист Георгий Гонгадзенинг бошидан жудо ӄилинган танаси топилди. Гонгадзени ўлдиришни шахсан Президент Кучма буюргани ҳаӄидаги гаплар бутун дунёга овоза бўлди.

2002 йилда, АҚШ раҳбарияти Леонид Кучмани Саддам Ҳусайн билан ӄурол савдосига оид музокара олиб борганликда расман айблади. Бу ҳодисадан бир неча ҳафта олдин “Камаз” юк ташувчи машинаси Украина ҳукуматининг ӄурол-аслаҳа савдоси бўйича бош масъули Валерий Малевни босиб кетган эди.

Сарвар ака, бундай ҳодисалар тасодиф бўлганми ёки уларга ҳаӄиӄатан ҳам ҳозирги ҳукуматнинг алоӄаси борми, деган саволга жавоб топиш ӄийин.

Бир нарсани айтиб ўтиш мумкин. Юшенко заҳарлангани ҳаӄидаги хабар тарӄалиши билан унинг рейтинги кескин кўтарилган эди. Ҳозирги кунда унинг Янукович билан рейтинги деярли баробар. Шу сабабли 31 октябр куни сайловларда ким ғалаба ӄозонишини башорат ӄилиш ӄийин.
XS
SM
MD
LG