Линклар

2-гуруҳ ногирони 12 йилга қамалди


Фирдавс 20 октябрь куни Қашқадарё вилояти жиноят ишлари судида конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ноқонуний диний экстремистик ташкилотларга аъзолик каби жиноятларни содир этишда айбланган 18 киши устидан ҳукм ўқилди.

Судланувчилар 12 йилдан 18 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилди. Уларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича айб қўйилди.

Адвокат Ҳасан Муҳаммадиевнинг сўзларига қараганда, у судда саккиз кишини ҳимоя қилган. Суд жараёнида уларнинг бирортаси ўзларига қўйилган айбларни тан олмаган. Судга тақдим этилган ҳужжатларда ҳам уларга қўйилган айбларни тасдиқловчи далиллар бўлмаган. Адвокатларнинг судланувчиларга жисмоний тазйиқлар қўллангани бўйича текширув ўтказиш ҳақидаги илтимослари инобатга олинмаган.

Ҳ.Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, айбланувчилардан баъзиларининг уйларидан диний варақалар чиққани аниқланган. Бироқ бу варақаларнинг “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига қай даражада алоқадорлиги юзасидан чуқур текширишлар ўтказилмаган.

12 йилга озодликдан маҳрум этилган Илҳом Ҳамроевнинг отаси Жўра Ҳамроевнинг билдиришича, ўғли 2-гуруҳ ногиронидир. У сил касалликлари шифохонаси рўйхатида туради. Ўғли шифохонада даволанаётганида ҳибсга олинган. Шифокорлар отага агар Илҳом қамоқхонага тушса, ундан айрилиб қолиши мумкинлигини айтган.

Хабарларга қараганда, 2004 йил 10 апрелда Қашқадарёнинг Қамаши туманилик Эргаш Жўраев, Илҳом Жўраев, Тўлқин Аллаев ва Азим Қамбаров ноқонуний диний гуруҳларга алоқадорлик айби билан ҳибсга олинган эди. Кейинчалик улар турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Аммо май ойининг бошларида уларни тергов қилган вилоят ИИБ жиноят-қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармасининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи милиция подполковниги Алишер Мирзаев ва шу бошқарма тезкор вакили Шоолим Намозов ҳибсга олинди. Бу милиция ходимларига ҳибсдагиларга жисмоний қийноқлар қўллаганлик ва айбланувчилардан пора талаб қилганлик айби қўйилган.
XS
SM
MD
LG