Линклар

Хорижий сайёҳ Ўзбекистонда қанча маблағ сарфлайди?


Саида 21 октябрь куни Тошкентда сайёрлик бўйича халқаро кўргазма иш бошлади. Ушбу кўргазма Жаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан Тошкентда 19 октябрь куни ўтказилган “Жаҳон туризмининг ривожланиш услублари ва тенденциялари” мавзуидаги семинарнинг мантиқий давоми бўлди.

23 октябргача давом этадиган кўргазма “Ўзбектуризм” миллий компанияси ва Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ҳомийлигидаги “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги томонидан ташкил этилди. У ўнинчи марта ўтказилмоқда.

Халқаро кўргазмада 30 мамлакатнинг сайёҳликка алоқадор фирмалари иштирок этмоқда.

Ўзбекистондаги хусусий меҳмонхоналардан бирининг бошлиғи сўзларига кўра, мамлакатда туризм йилдан-йилга ривожланиб боряпти. Бироқ баҳорда Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида содир бўлган портлашлар Ўзбекистондаги сайёҳлик соҳасига салбий таъсир кўрсатган.

“Ясмина” хусусий сайёҳлик компанияси директори Саидаҳмад Робаевнинг билдиришича, мамлакатда туризм равнақига баъзи объектив ва субъектив сабаблар тўсиқ бўляпти. Масалан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси самолётлари парвози сайёҳлар учун ноқулай вақтларга тўғри келади. Бундан ташқари, компания чипталари нархи анча баланд.

Кўргазма очилишидан аввал “Ўзбектуризм” компанияси раҳбарлари ва Жаҳон сайёҳлик ташкилоти вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

“Ўзбектуризм” раиси Бахтиёр Ҳусанбоевга жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида туризм соҳасидан Ўзбекистон бюджетига қанча фойда тушгани ҳақида савол берилди.

“Афсуски, бу борада фақат “Ўзбектуризм” ва унинг минтақавий бюроларидангина маълумотга эгамиз. Умумий туризм ҳақида ҳозирча ҳеч нарса дея олмаймиз. Масалан, йўловчи ташиш, сувенерлар сотиш, шаҳарларда аҳоли томонидан сайёҳларга кўрсатиладиган қўшимча хизматлардан тушаётган даромад тўғрисида маълумотга эга эмасмиз. Биз статистика қўмитаси билан биргаликда халқаро меъёрларга жавоб берадиган ҳужжат тайёрладик. Унга асосан “Ўзбектуризм”дан эмас, балки умумий туризмдан келадиган ялпи даромад аниқланади. Жорий йил охирида унинг натижалари маълум бўлади”, деди Б.Ҳусанбоев.

Б.Ҳусанбоевнинг таъкидлашича, бундан бир неча йил аввал қилинган ҳисоб-китобларга қараганда, Ўзбекистондан бир сайёҳ 1200 доллардан 1500 долларгача пул сарфлаган. Бу жуда кам. Уни кўпайтириш учун инфратузилмани ривожлантириш талаб этилади.
XS
SM
MD
LG