Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:42

“Ватан”ни эслаб


Ҳакимбек “Ватан тараққиёти” партияси нашри бўлмиш “Ватан” газетаси 1992 йилда ташкил топганди. Ўткир таҳлилий-танқидий мақолалари билан газета тез орада муштарийлар орасида шуҳрат қозонди. Бунда, албатта, газета жамоасининг ҳам ўрни бор эди. Зеро, баъзи кузатувчиларнинг фикрича, ўша пайтда “Ватан”да юрагида ўти бор журналистлар, адабиётшунос ва танқидчилар йиғилганди.

Аммо газета шуҳрати узоққа чўзилмади. Газета ташкил этилган вақтдан бу ерда ишлай бошлаган ҳуқуқшунос журналист Турсунали Акбаровнинг хотирлашича, “Ватан”нинг иқтисодий аҳволи йилдан-йил ёмонлашиб борди. Шу боис, газета чиқиши бир неча марта тўхтаб қолди. 1996 йилда газета навбатдаги танаффусни бошдан кечирди ва тўхталиш анча узоқ чўзилди. Бу орада “Ватан”нинг кўпчилик ходимлари мажбурий таътилга чиқиб кетди. Бош муҳаррир Ёқубжон Хўжамбердиев эса бошқа ишга ўтди. Газетанинг кейинги тақдири эндигина журналистика факультети охирги курсида таълим олаётган 3-4 талаба қўлида қолди.

Т.Акбаровнинг сўзларига қараганда, “Ватан тараққиёти” партияси раҳбари Анвар Йўлдошевнинг кўмаги билан баъзи иқтисодий бақувват ташкилотлар “Ватан”га ҳомийликни ўз бўйнига олган. Газетага эса таниқли журналист Ҳабибулла Олимжонов бош муҳаррирликка тайинланган. Унинг даврида “Ватан” ўз қаддини тиклаб олган.

Журналист Акбар Жонузоқов ҳам журналистик фаолиятини “Ватан” газетасида бошлаган.

“Ватан” газетаси халқнинг дардини, миллатга яқин мавзуларни ёзиш кераклигини кўпроқ ҳис қиларди. Ўша пайтда мамлакатда биттагина мустақил газета – “Ҳуррият” бор эди. “Ватан” мана шу газета билан тенг кўриларди. Журналистика кимларнингдир қўлидаги тарғибот-ташвиқот қуроли эмаслигини ўшанда билганман. Газетанинг ҳар бир сонида ҳақиқий муштарий учун ёзилган кўплаб мақолалар бўларди. Бу хилдаги мақолалари учун газета ўқувчи қўлига етиб боргунча, бир қанча тўсиқларга учраган. Масалан, 1999 йилда мамлакатда сайлов ўтказилган эди. Сайлов жараёнидаги ғирромликлар, ён босишлар ҳақида ёзилган мақолани цензор Эркин Комилов ўтказмади. Бу жамоа кўнглига оғир ботган ва газета анча муддат чиқарилмаган”, деб хотирлайди А.Жонузоқов.

2000 йилда “Ватан тараққиёти” партияси “Фидокорлар” партиясига қўшилди. Партия тугатилгач, унинг нашри ҳам ўз фаолиятини тўхтатди.
XS
SM
MD
LG