Линклар

Марказий газеталар шарҳи


Шайбон Ўзбекистон катта сиёсий жараён – паламент сайлови арафасида турибди. Шу боис, аксарият газеталар ўз саҳифарида бунга алоҳида урғу бермоқда. Хусусан, ўтган ҳафтада марказий нашрларда сайлов ҳақида сайловчилардан келган саволларга жавобларга ва расмий рўйхатга олинган партияларнинг сайловолди кампанияларидан репортажларга катта ўрин берилди.

Шу билан бирга, газеталар пахта терими кампаниясини ҳам эсдан чиқармаган. Албатта, бу мақолаларда пахта теримига жалб этилган кучлар, улар учун яратилган шароитлар ҳақида ҳеч гап бўлмаса-да, пахтакорлар қўлга киритаётган зафарлар, Ўзбекистон Президентининг илғорларга табриклари газеталарнинг олд саҳифаларини эгаллаган.

“Туркистон” газетасининг 20 октябрь кунги сонида журналист Ихтиёр Умаровнинг “Деҳқонлар уйида” бўлганмисиз?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф узоқ-яқин қишлоқлардан шаҳар бозорларига келган деҳқонлар учун бозорларда ташкил этилган меҳмонхоналар ҳақида сўз юритади: “Бу ердаги манзарани тасвирлашга тил ожиз. Ҳар бир хонада уч-тўрттадан каравот қўйилган. Уларнинг устидаги тўшаклар, чойшаблар жуда ачинарли аҳволда: бу матоҳлар қачон алмаштирилган, қачон ювилган, ҳеч ким эслай олмаса керак”.


“Моҳият” мустақил газетасининг 22 октябрь кунги сонида ҳам бозор мавзуси кўтарилган. Аммо унда бозордаги бошқа вазият, яъни милиция ходимларининг ўзбошимчаликлари танқид қилинган. Милиция ходимларидан жабр кўрган киши томонидан ёзилган мақола “Аравамни олиб қўйишди” деб номланган. Жабрланувчи муаллифнинг ёзишича: “Олий ўқув юртларидан бирининг талабасиман. Дарслардан бўш вақтларимда ва дам олиш кунларида Қўйлиқ бозорида аравакашлик қилиб, қўшимча маблағ ишлаб тураман. Шу йили 13 август куни Қўйлиқ бозорининг посбони ноқонуний ҳаммоллик қилаётганларникига қўшиб менинг ҳам аравамни олиб қўйди. Сабаби - ўша куни катта профилактика инспектори милиция майори Рашид Йўлдошев ўзининг бир кунлик бепул ҳашарига боришимни буюрганида рад этгандим. Ўша кундан буён Рашид Йўлдошевдан аравамни қайтариб ололмаяпман”.


“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 22 октябрь сонида Фарғона ҳамда Наманган вилоятлари ҳокимлари ишдан олингани муносабати билан ёзилган “Чапак чалиш мумкинми?” сарлавҳали таҳлилий-танқидий мақола чоп этилди. Мақола моҳиятан нима ҳақдалиги маълум. Лекин ундаги қуйидаги сатрлар киши эътиборини ўзига тортади: “Улар далага шошиб кетаётиб, қўққисдан қоп-қора “Мерседес” машинасига дуч келишади. Орқа олдидан қўриқлаб келаётган машиналар уни авайлаб теннис корти томон кетганлигига шоҳид бўлишади. Эшитишганди, ҳозир хўжайин муздек сувда ювинади, чарчагунча теннис ўйнайди, яна роҳатланиб, бассейнда сузгач, қозонда билкиллаб қайнаб турган шўрвалардан ичадида, бир пас мизғиб олади...”.
XS
SM
MD
LG