Линклар

logo-print

Ироқда ҳукумат кучлари жанггарилар томонидан қатлиом этилди

  • Ҳасанжон

Ироқда январ ойига белигланган Парламент сайловлари яқинлашар экан, мамлакатда исёнлар ва зўравонлик ҳолатлари кўпаймоқда. Хусусан, сўнгги ўн кун ичида Ироқда АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари ва Ироқ ҳукуматига қарашли қўшинларга қарши ҳужумлар сони 25 фоизга ошган. Ана шундай ҳужумлардан бири якшанбага ўтар кечаси содир бўлди.

Ироқ шарқидаги Дияла вилоятининг Балад Руз ва Қазания шаҳарлари ўртасида Ироқ ҳукумати кучларига қарашли 49 нафар аскар қатл этилди.

Ироқ расмийларига кўра, Эрон чегараси яқинидаги Кир Куш ҳарбий базасида уч ҳафталик тайёргарликни тугатиб, учта кичик автобусда уйларига қайтаётган ироқлик аскарлар пистирмага дуч келган.

Бағдоддан 80 километр нарида уюштирилган ҳужум жойига бир неча соатдан кейин етиб борган Ироқ армияси вакили Яссим ал-Саади қатлиом ҳақида бундай деди:

”Кеча кечқурун, соат 10да бизга ва Мандали полиция идорасига Бадра-Қазанияда қирғин содир этилгани ҳақида маълумот келди. Миллий Гвардиянинг қўшма патрули ва полиция ходимлари Мандалидан 70 – 80 километр шарқида жойлашган ҳужум жойига дарҳол етиб борди. Биз учта жойга 12тадан жасад юзтубан ётқизиб қўйилганини кўрдик. Улар бошидан отилган“.

Маълумотларга кўра, 12 аскар қочишга уринган пайтда жанггарилар уларни отиб ўлдирган.

Ироқ Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли вакили Солиҳ Сархонга кўра, полиция ходими кийимидаги жанггарилар қуроли бўлмаган ҳукумат аскарларини машинадан тушишга ва ерга қараб ётишга мажбур қилган. Кейин аскарлар бошидан отилган.

Сархонга кўра, воқеада уч нафар автобус хайдовчиси ҳам ўлдирилган. Икки автобус ёқиб юборилган, учинчисини исёнчилар ўғирлаб кетган.

Террорчиликда айбланиб АҚШ томонидан қидирилаётган иорданиялик Абу Мусаб аз-Зарқавий мазкур қатлиом учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Зарқавий бошчилигидаги гуруҳ яқинда ўз номини ўзгартириб, “Ироқда муқаддас уруш олиб бораётган Ал Қайда” дея атаган.
Кузатувчилар Ироқ ҳукуматига қарашли ҳарбийлар жанггарилар учун осон нишонга айланганлигини айтишмоқда.

Лондондаги Стратегик тадқиқотлар институтининг ҳарбий масалалар бўйича мутахассиси Филлип Митчелнинг Озодлик радиосига айтишича, жанггарилар тарафдорлари маълумотлар орқали уларга ёрдам бераётган бўлиши мумкин. Жанггарилар эса шу асосда ҳукумат кучларига қарши ҳужумлар уюштиради:

”Улар, яъни, жанггарилар Ироқ кучларини осон нишон деб билишлари мумкин. Биринчидан, Ироқ кучларига қўшилиш учун узун навбатда турганлар ўзини ҳимоя қилиш воситаларига эга эмас. Бундан ташқари, жанггариларда ҳужум уюштириш учун ишонарли разведка маълумотлари борга ўхшайди“ - дейди Филлип Митчел.

Ироқ расмийлари Зарқавий тарафдорлари мамлакатнинг янги тузилган хавфсизлик кучлари ичига ўрнашиб олган бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда.

Ироқ Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли вакили Солиҳ Сархон фикрича, тайёргарликдан ўтиб ўз уйига қайтаётган ҳукумат аскарларини қатл этишга пухта ҳозирлик кўрилган. Унга кўра, жанггарилар пистирма уюштиришдан олдин ҳукумат аскарлари қуролсиз бўлгани ва улар қайси йўлдан ўтиши ҳақида аниқ маълумотга эга бўлган.

Исёнчилар ҳужумлари кучайиб борар экан, уларнинг молиявий имкониятлари ва одамлари сони тахмин қилинганидан кўра кўпроқ эканини тасдиқловчи далиллар пайдо бўлмоқда.

Кузатувчилар фикрича, жанггариларнинг Ироқ ҳукумати кучларига қарши ҳужумлар уюштиришидан кўзланган мақсад, одамларнинг армия сафига қўшилишига қўлқўймаслик учун уларни қўрқитишдан иборат. Америка ҳарбийлари айтганига асосланиб АҚШда чиқадиган “New York Times” газетасининг билдиришича, ҳозирда Ироқда саккиз мингдан 12 минггача исёнчилар бўлиб, улар орасида собиқ Президент Саддам Ҳусайн тарафдорлари, миллатчи гуруҳлар ва чет эллик жанггарилар бор.
XS
SM
MD
LG