Линклар

Украинада бўладиган президентлик сайловлари олдидан Киевда катта намойиш ўтказилди


Фаррух Юсуфи Украинада президентлик сайловлари яқинлашган сари сайлов кампанияси қизигандан-қизиб боряпти. Олдин ҳабар берганимиздек, сайловларнинг ўтказилиши келаси якшанба 31 октябр кунига белгиланган. Президентликка номзодлар 26 киши. Уларнинг ичида асосий даъвогар иккита – Украинанинг ҳозирги бош вазири Виктор Янукович ва унинг рақиби «Наша Украина» муҳолифат партияси вакили Виктор Юшенко. Ўтган шанба куни Киевда Юшенко тарафдорлари намойиш ўтказди. Йиғилишдан сўнг тартибсизликлар ҳам бўлгани ҳабар қилинди. Бу ҳақда ҳамкасбим Фаррух Юсуфи билан суҳатлашамиз.

А.И.: Фаррух, Киев марказида йиғилган Юшенко тарафдорлари нима мақсадда намойиш ўтказишди?

Ф.Ю.: Абдулла Искандар, йиғилган одамларнинг асосий мақсади президентликка номзод Юшенкони қўллаб-қувватлаш эди. Шунингдек, намойиш қатнашчилари 31 октябр куни ўтказиладиган сайловлар адолатли ўтказилишини талаб қилди. Яна шуни айтиб ўтиш керакки, намойиш оҳирги ўн йил ичида энг катта намойиш, деб эътироф этиляпти. Озодлик радиосининг Киевдаги муҳбири Асколд Крушельницкийнинг ҳабар беришича, муҳолифат вакиллари номойишларда 200 минггача одам қатнашди, деб таъкидламоқда.

Украина ички ишлар вазирлиги эса намойиш қатнашчиларининг сони 150 минг кишигача бўлган, деган таҳминларни бермоқда.

Нима бўлганда ҳам, намойишга йиғилганлар Украинанинг турли бурчакларидан келишган. Бунда айтиб ўтиш жоизки, ҳукумат уларнинг келишига тўсқинлик қилган. Масалан жума ва шанба кунлари Киевга поездда бормоқчи бўлганларга чипта қолмади, деган баҳоналр билан чипталар сотилмаган. Лекин аниқланишича, ўша кунлари поездлар Киевга бўш келган.

А.И.: Намойишда Виктор Юшенконинг ўзи ҳам қатнашдими?

Ҳа Юшенко ҳам намойишда қатнашди. Намойишчилар олдида сўзга чиқиб, Юшенко ҳукумат сайлов натижаларини қалбакилаштириши мумкинлиги ҳақида огогҳлантирди. Ва майдонга кўп минглаб тарафдорларининг йиғилиши Украинада ҳаётни ўзгартиришга қатъий қарор қилганликларининг далили эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у Украина фуқароларини сайлов натижалари қалбакилаштирилишни жимгина кутиб ўтирмасликка ва ҳар бир овозни ҳимоя қилишга чақирди.

А.И.: Фаррух маълумотларга кўра, намойишлардан кейин тартибсизликлар рўй берган. Шу ҳақда ҳам гапириб берсангиз?

Озодлик муҳбирининг ҳабар беришича, аввалига намойиш тинч ўтаётганди, лекин кейинроқ юзларини тўқ сариқ рўмол билан ёпиб олган бир гуруҳ шахслар марказий сайлов комиссияси биносининг ойналарини синдириб, тутун гранаталарини портлатишган. Айтиб ўтиш керак тўқ сариқ рангни Юшенко ўз кампаниясида ишлатяпти. Шундан кейин, Юшенконинг «Наша Украина» партияси хавфсизлик хизмати юзини рўмол билан ёпиб олган одамларни ушлаб, милицияга топширган. Юшенко тарафдорларининг таъкидлашича, бу одамлар атайлаб тартибсизликларни уюштириш учун юборилган.

Орадан кўп ўтмай, таҳминан 40 киши «Наша Украина» тарафдорларига хужум қилган. Бунда намойишчилар ва хужум қилганлар мушталишиб кетган. Натижада Юшенко тарафдорлари 3 кишини ушлаб, милицияга топширган. Кейинчалик қўлга олинган учала шахснинг ёнидан ички ишлар махсус кучлари ходимлари гувоҳномалари топилган.

А.И.: Ўша ерда бўлган милиция ходимлари рўй берган тўқнашувларга аралашмадими?

Йўқ, Озодлик муҳбири ҳабар беришича милиция ходимлари ҳодисани томоша қилиб аралашмаган. Бунинг устига сайлов комиссияси биносини қўриқлаб турган милиция ҳодимлари бирдан бино ичига кириб, ғойиб бўлган.

Муштлашиш гувоҳи бўлган парламент аъзоларидан бири Алксандр Турчанов бу ҳақда Озодлик радиосига хужум қилганлар намойишчиларни уриб ўлдирмоқчи бўлиб турганда милиция буни четдан кузатиб турди, деб айтди

Кейинроқ «Беркут» номли хавфсизлик хизматига қарашли гуруҳ қўлга олинган уч кишини қутқариш учун сайлов комиссияси биносига бостириб киришга уриниб кўрган. Лекин шахсан Юшенко ва парламентнинг бир неча аъзолари уларнинг йўлини тўсган. Бу ҳодиса телекамераларга тушириб олинган ва тасвирда форма кийган одам Юшенкони қаттиқ итариб юборганини кўриш мумкин.

А.И.: Украина ички ишлар вазирлиги бу ҳодисаларни қандай изоҳлади?

Ички ишлар вазирлиги якшанба куни матбуот анжумани ўтказишини эълон қилган эди. Лекин матбуот анжуманига муҳбирлар ва муҳолифат вакиллари келганлигини кўриб, уни ўтказмади. Кейинроқ ички ишлар матбуот котиби қўлга олинган уч одам қонуний равишда хавфсизлик операциясини олиб борган милиция ходими эди, деб баёнот берди.
XS
SM
MD
LG