Линклар

Дастлабки суд қарори ўз кучида қолди


Шайбон 26 октябр куни Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари суди “Интерньюс Тошкент” ташкилотининг дастлабки суд қарори юзасидан норозилик билдирилган аризасини аппеляция тартибида кўриб чиқди ва ҳукмни ўз кучида қолдирди.

“Интерньюс Тошкент” адвокати Бахтиёр Шоҳназаровнинг судда маълум қилишича, ушбу ташкилот икки муҳим дастур – маҳаллий журналистларга ҳуқуқий ёрдм кўрсатиш ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиниши олдини олиш бўйича тренинглар ўтказиб келган. Шунинг учун Тошкент шаҳри адлия бошқармаси келтирган арзимас важлар билан ташкилот фаолиятини вақтинча бўлса-да тўхтатиш журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб боришга тўсқинлик қилади. Шунингдек, гиёҳванд моддалар тарқалишига қарши олиб борилаётган ҳаракатларга зарба беради.

Пойтахт адлия бошқармаси вакили суддан “Интерньюс Тошкент” ташкилоти вакиллари келтирган даъволарни аҳамиятсиз, деб топиб, дастлабки суд қарорини ўз кучида қолдиришни сўради. Унинг бу талаби қондирилди.

Судья “Интерньюс Тошкент” вакиллари суд қароридан норози бўлса, Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари суди коллегияси раисига даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди.

Судда иштирок этган АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги вакили Рик Стоттерт суд қароридан таажжубда эканини, АҚШ элчихонаси бу борада ўз нуқтаи назарини билдиришини маълум қилди.

Б.Шоҳназаровнинг сўзларига қараганда, прокурор суд мажлисида томонлар даъволари тингланаётганда хонадан чиқиб кетган ва ишни кўриш ниҳоясига етганида қўлида тайёр матн билан қайтиб кирган. Матнни ўқиб, у биринчи инстанция суди қарорини ўз кучида қолдиришни сўраган. Бу ҳолат суд қарори қандай бўлиши аввалдан ҳал қилинганидан дарак беради.

“Интерньюс Тошкент” ташкилоти бош директори Холида Анорбоева мазкур суд қарорини адолатсиз, деб баҳолади ва қайта судга мурожаат қилинишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябр ойида Тошкент шаҳри адлия бошқармаси “Интерньюс Тошкент” ташкилоти фаолиятида бир қанча камчиликлар аниқлангани, шу сабабли ушбу муассаса фаолиятини олти ойга тўхтатиб қўйиш даъвоси билан Тошкент шаҳри фуқаролик судига мурожаат қилганди. Суд бошқарма талабини қондирганди.
XS
SM
MD
LG