Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:17

Ўзбекистон лўлилари ҳақида ҳақиқат


Ҳакимбек Ўзбекистонда маҳаллий халқ томонидан “лўли”, “жўги” деб аталадиган этник гуруҳ бу ҳудудда аввал кўчманчилик билан кун кечирган, кейинчалик эса ўтроқлашган.

Тошкентнинг эски шаҳар қисмида ва Янгиобод мавзесида лўлилар яшайдиган маҳаллалар бор. Уларнинг аёллари ва болалари, баъзан эркаклари ҳам тиланчилик қилиб кун кечиради.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган кекса лўлининг айтишича, бу этник гуруҳ Моварауннаҳрга Ҳиндистон томонлардан келиб қолган. Шўролар даврида уларнинг ҳаммасида паспорт берилган. Лўлилар шу даврларда аста-секин ўтроқлаша бошлаган.

Ўзбекистонда қанча лўли борлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Тошкентдан ташқари Самарқанд, Бухоро, Қарши каби катта шаҳарларда, Фарғона водийсида ҳам лўли қишлоқлари, маҳаллалари мавжуд. Лўлилар шаҳарларда ўтроқ ҳаёт кечиради, ҳунармандлик, кўпинча косиблик билан шуғулланади. Лўли оиласи кўп фарзандли ҳисобланади. Фарзандларини эрта уйлантириб, эрта турмушга беради. 16-20 ёшда уйланиш ва турмушга чиқиш одатий ҳол саналади.

Лўлилар ҳар доим ҳам фарзандларини мактабга беравермайди. Баъзан болалар пул топишга мажбур этилса, кўп ҳолларда камбағаллик лўли болаларининг мактабга боришига имкон қолдирмайди.

Ўзбекистон лўлилари ислом динига эътиқод қилади. Улар диний анъаналарга қаттиқ берилган. Лўлилар жамоа бўлиб яшагани боис, тилини яхши сақлаб қолган.

Лўли аёллардан бирининг айтишича, лўлиларнинг тўйи ўзбекларникидан фарқ қилмайди. Қизга совчи боради, қалин берилади, тўққиз тўй қилинади. Ҳатто ўзбеклар билан лўлилар ўртасида қуда-андалик ҳолатлари ҳам кузатилади. Бу икки халқнинг ўзаро муносабатлари ҳам анча яхши.

Ўзбекистонлик лўлиларнинг ҳаёти, маданияти кам тадқиқ этилган. Шу боис, бу ҳақда маълумотлар ҳам кам.
XS
SM
MD
LG