Линклар

ЕХҲТ Ўзбекистонга кузатувчилар юборади

  • Садриддин Ашур

26 октябрь куни Тошкентда “Демократик сайловлар ўтказиш бўйича халқаро стандартлар ва Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман Тошкент давлат юридик институти томонидан Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси, БМТ Тараққиёт дастури, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти ва Япониянинг Нагоя университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис депутатлари, сиёсий партиялар, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Буюк Британия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Словакия, АҚШ, Жанубий Корея, Япония ҳамда Туркиядан келган сайлов бўйича мутахассислар қатнашди.

МСК раиси Бўритош Мустафоевнинг айтишича, Ўзбекистонда парламент сайлови ошкора, эркин ва адолатли ўтади. Бунинг учун барча шароит бор. Сайловда мустақил номзод кўрсатадиган ташаббус гуруҳлари тузиш жараёни жуда оддий. Айни пайтда жойларда бундан гуруҳлар тузилмоқда ва рўйхатга олинмоқда.

Аммо Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Пэр Нурмарк сўзлари Б.Мустафоевнинг айтганлари кўп ҳам тўғри эмаслигини кўрсатади.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишда бир қанча камчиликлар бор. Масалан, мустақил оммавий ахборот воситаларининг йўқлиги сиёсий баҳс-мунозараларнинг ривожланиши учун тўсиқ бўлади. Гарчи цензура икки ярим йил муқаддам расман бекор қилинган бўлса-да, ўша амалиёт ҳозиргача сақлаб қолинган. Матбуотда танқидий мақолалар чоп этилмаётгани бундан дарак беради.

ЕХҲТ вакилининг билдиришича, сайловлар ҳақидаги қонун ҳали такомиллаштирилишга муҳтож. ЕХҲТ ташаббус гуруҳлари ва уларнинг номзодларини рўйхатга олиш жараёнидан ташвишда. Зеро, бу жараён жуда мураккаб бўлиб, хатога йўл қўйилиши эҳтимоли жуда катта. Шунинг учун мустақил номзодлар сайловда қатнаша олмайди.

Шунга қарамай, П.Нурмаркнинг эътирофича, сайловдаги баъзи ижобий ўзгаришлардан кўз юмиб бўлмайди.

“Кенгашлар энди ҳокимларнинг номзодларини тавсия эта олмайди. Шу тариқа ҳокимларнинг ҳокимияти чекланади. Агар ҳоким депутат бўламан деса, ўз номзодини бирор сиёсий партия ёки ташаббус гуруҳи орқали кўрсатмоғи лозим. Шунингдек, сиёсий партияларнинг ҳукумат томонидан бир хил маблағ билан таъминланиши ҳам уларнинг сайловолди кампаниясида тенг кураш олиб боришини таъминлайди”, деди ЕХҲТ вакили.

П.Нурмаркнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, ЕХҲТ Ўзбекистонда декабрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловига ўз кузатувчиларини юборишга қарор қилган.
XS
SM
MD
LG