Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:22

Сўров натижалари халқ фикрими ёки ҳукумат истаги?


Саида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровлардан маълум бўлишича, ўзбекистонликларнинг 81,2 фоизи Россия билан сиёсий яқинлашув тарафдоридир.

Марказ директори ўринбосари Марат Ҳожимуҳаммедовнинг сўзларига қараганда, сўров саволларига нафақат Россия, балки Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ҳам киритилган. Шунга қарамай, ўзбекистонликлар кўпроқ Россия билан яқинлашиш тарафдори эканини билдирган. Сўралганларнинг 31,6 фоизи Марказий Осиё давлатлари, 24 фоизи эса АҚШ билан ҳар жиҳатдан ҳамкорлик қилиш лозим, деб ҳисоблаган.

М.Ҳожимуҳамедовнинг фикрича, сўров натижаларини сиёсийлаштириш тўғри эмас. Сўровда қатнашганлар кўп жиҳатдан ўзларининг ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назарларидан келиб чиқиб фикр билдирган. Шунингдек, респондентларнинг кўпчилиги Россия билан ҳамкорлик бутун минтақада тинчлик ва барқарорлик таъминланишига ижобий таъсир кўрсатишига ишонишини маълум қилган.

Россия иқтисодиёт академияси Тошкент шаҳри филиали проректори Баҳодир Умрзоқовнинг таъкидлашича, ўзбекистонликларнинг Россия билан яқин ҳамкорликни қўллаб-қувватлаши замирида икки давлатнинг ҳар жиҳатдан бир-бирига боғлиқлиги ётади. Масалан, Ўзбекистоннинг авиасозлик саноати Россия заводларисиз ишлай олмагани сингари Россиянинг тўқимачилик корхоналари ўзбек пахтасисиз тўхтаб қолади.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов сўров натижалари аслида Ўзбекистон ҳукуматининг Россия билан яқин бўлишига интилишидан далолат эканини таъкидлади.

“Аслида Ўзбекистонда кўпчилик Ғарб билан ҳамкорликни маъқуллайди. Яқин-яқингача Ўзбекистон ҳукумати ҳам шунинг тарафдори эди. Бироқ бугунги кунда ҳукумат ташқи сиёсатини ўзгартирди. Қарангки, сўров натижалари ҳам шу томонга ўзгарган. Жамият фикри бунчалик тез ўзгаришига ишониш қийин”, деди И.Худойберганов.
XS
SM
MD
LG