Линклар

Туркманбоши олтинчи "Олтин ой"дан воз кечди. Ҳозирча...

  • Сарвар Усмон

Куни кеча Туркманистоннинг олий вакиллик органи -Халқ маслаҳати Сапармурод Ниёзовга "Олтин ой"медалининг олтинчисини беришга қарор қилди. Бироқ жаноб президент фавқулодда камтарлик намунасини кўрсатиб, навбатдаги медалдан, яъни қаҳрамонликнинг олтинчисидан воз кечди.

"Олтин ой" медали "Туркманистон Қаҳрамони" унвонига сазовор бўлган кишиларга берилади. Демак, Туркманбоши Туркманистоннинг беш марта қаҳрамони.

"Туркманистон Қаҳрамони" унвони ва унинг лауреатлари тўғрисида икки оғиз маълумот. Бу унвон 1992 йили таъсис этилган. Унвоннинг биринчи лауреати - Сапармурод Туркманбоши. Унвон таъсис этилганидан буён ўтган 12 йил давомида президент Ниёзов яна тўрт марта, ҳаммаси бўлиб эса, 5 марта қаҳрамон бўлди.

Мамлакат бўйлаб 20 киши бу юксак унвонга сазовор бўлган. Туркманбошининг марҳум отаси Отамурод ҳамда марҳум онаси Қурбонсултонлар ҳам Туркманистон Қаҳрамонлари.

Якунига етган ҳафта охирида иш бошлаган Халқ масалаҳати мажлиси давомли ва гулдурос қарсаклар остида Туркманбошига олтинчи марта "Туркманистон Қаҳрамони" унвони бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Турманистон президенти маслаҳат делегатларига чуқур ва самимий миннатдорчилик билдирди.
Мамлакат президентининг сиёсий жиҳатдан барқарор ва иқтисодий жиҳатдан мустақил давлат қуриш йўлидаги хизматларига юксак баҳо бераётганингиз учун миннатдорман, деган фикрни билдирди Туркманбоши. Бироқ у халқ вакиллари таклифини рад этди. Бу йилча, сабр қилинглар, балки келаси йили бу масалага қайтарсизлар, деди.

Халқ маслаҳатининг навбатдаги сессиясида яна бир муҳим масала муҳокама қилинди.

Туркманбоши 2008- 2009 йилларга бориб президентлик сайлови ўтказишни таклиф қилди:

"Халқимиз айтган, бир одамнинг, икки одамнинг чанги чиқмас. Ўғлонлар ўсиб келаяпти. Қарши бўлмасангиз, 8-йилдами, 9-йилдами президентлик сайловини ўтказайлик,"- деди Президент.

Бу гапдан сўнг залда ўтирганлар бирдан норозилик билдира бошлади. Шунда президент
кулиб:

"Ҳа, йўқ. Бошқа ўғлонлар ҳам етишиб келаяпти. Мен ҳадемай 70га кириб қоламан. Мени энди қўйиб юборинглар,"- деди.

Бироқ афтидан Туркманистон президенти мамлакатдаги вазиятни тўла назорат қилолмаётганга ўхшайди. Президентдан сўнг Халқ маслаҳати минбарига кўтарилган нотиқларнинг барчаси сайлов масаласида президент позициясига мутлақо тескари фикрни билдирди. Аҳвол шу даражага етдики, четдан кузатиб турган киши Туркманистон Халқ маслаҳатига нуқул мухолифатчилар йиғилган эканда, деган фикрга бориб қолиши мумкин эди.

Мана баъзи нотиқларнинг чиқишларидан парчалар:

"Буюк сардоримиз таклифига ҳаммамиз бир овоздан йўқ, деб қарсак чалайлик. Бу таклифга биз рози эмасмиз. Буюк Сардор, Сизни бизга Аллоҳнинг Ўзи берган. Шунинг учун умрбод раҳбаримиз бўлинг".

Яна бир нотиқ бундай деди:

"Президентлик сайлови тўғрисида гап бўлиши мумкинмас. Буюк Сардоримизни, меҳрибон отамиз, меҳрибон президентимизни бир умрга сайлаганмиз. Шунинг учун бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас".
XS
SM
MD
LG