Линклар

logo-print

Путиннинг Украинага ташрифи

  • Фаррух Юсуфий

26 октябр куни Россия Президенти Владимир Путин Украинага уч кунлик расмий ташрифини бошлади. Расман Путин Украинага Киевнинг нацистлар оккупациясидан озод этилганининг 60 йиллигига бағишланган байрам тантаналарида қатнашиш учун борган. Лекин кўпчилик кузатувчиларининг фикрига кўра, Украинадаги президентлик сайловларидан бир неча кун олдин қилинган бу ташриф ортида сиёсий мақсадлар бор. Путиннинг Украинага қилган ташрифи ҳақида ҳамкасбир Фаррух Юсуфий билан суҳбатлашамиз.

А.И.: Фаррух, кузатувчилар айтаётган Путин ташрифи ортидаги сиёсий сабаблар нима ўзи?

Ф.Ю.: Абдулла, сиз ҳозиргина айтиб ўтганингиздек, ҳақиқатан ҳам расман Путиннинг ташрифи Киевнинг нацистлар оккупациясидан озод қилинганига 60-йил бўлгани муносабати билан ўтказиладиган тантаналарда қатнашиш, деб айтиляпти. Лекин одатда украиналиклар бу кунни 6 ноябрда нишонларди. Бу йил эса байрам санаси 28 октябрга кўчирилди.

Шу боис Украинада кўплар Путиннинг ташрифи ва байрамни кўчиришдан асосий мақсад якшанба кунги сайловларда расмий Москва қўллаб-қувватлаётган Януковчичнинг ғолиб чиқишига ёрдам беришмасмикин, деган саволни бермоқда.

А.И.: Нима учун бундай савол туғиляпти?

Ф.Ю.: Чунки Украинада сайлов кампанияси бошлангандан бери Путин Януковични қўллаб-қувватлашини яширган эмас. Янукович ҳам Россия билан алоқаларни кучайтириш ғоясини ўз сайлов кампанияси давомида қайта-қайта такрорлаган.

Яна бир нарсани айтиб ўтиш керак, ҳозир Путин Украинадаги учта асосий телеканал орқали тўғридан-тўғри эфирда украиналик сайловчилар саволларига жавоб бермоқда.

Украиналик таҳлилчи Наталья Лигачева Озодлик радиосига берган интервьюсида шундай деди:

«Ҳар қандай мамлакат раҳбари мустақил мамлакат телевидениесида чиқиш қилиши мумкин. Лекин Украина сайловларига Америка таъсир ўтказмоқда деган фикрлар айтилаётган бир пайтда, Россиянинг таъсири ҳақида гапирилмаяпти. Чет мамлакат раҳбарининг бир вақтнинг ўзида учта телеканал орқали тўғридан-тўғри эфирда чиқиши менимча, ҳар қандай чегарадан чиқади”.

А.И.: Путиннинг Украинанинг энг йирик телеканалларида чиқиши мамлакатдаги сайловларга қандай таъсир ўтказиши мумкин?

Ф.Ю.: Абдулла, айни саволни Озодлик радиоси муҳбири Асколд Крушельницкий бир неча украиналик кузатувчиларга берди. Улардан бири Киевдаги «Сиёсий фикр» журналининг бош муҳаррири Володимир Плохало, Путиннинг Януковични очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаши ҳали кимга овоз бериш ҳақида бир тўхтамга келмаган русий забон сайловчиларнинг овозини бу номзодга олиб бериши мумкин, деб ҳисоблашини айтган. Полохалонинг айтишича, бу Янукович учун таҳминан 7-8 фоиз қўшимча овоз дегани. Бундан ташқари, шу кунгача кимнинг тарафига ўтишни билмай турган Украина сиёсий элитасига ҳам ўзига яраша муҳим сигнал бўлиши мумкинлигини айтади «Сиёсий фикр» журналининг бош муҳаррири.

А.И.: Януковичнинг келажак сайловлардаги асосий рақиби Виктор Юшекно Путиннинг мазкур ташрифи ҳақида бирор фикр билдирдими?

Ф.Ю.: Юшекно ва унинг тарафдорлари Путиннинг айнан ҳозир Украинага борганидан жуда норози. Юшекно Россиядаги «Итар-тасс» ахборот агентлигига берган интервьюсида ҳозир ташрифнинг вақти эмас эди ва Украина президентлик сайловларида Россиянинг таъсирига керагидан ортиқча баҳо бермаслик керак, деган фикрларни айтган.

А.И.: Фаррух, кўпчилик украиналиклар Путиннинг Киевга боришини Януковичнинг қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракат сифатида кўришлари ҳақида гапиряпсиз. Хўш Россия раҳбариятининг Януковчини қўллаб-қувватлашдан мақсади нима?

Ф.Ю.: Абдулла, Украинадаги қатор таҳлилчилар, масалан «Сиёсий фикр» журнали бош муҳаррири Володимир Полохало, Россиянинг Януковични қўллаб-қувватлашдан мақсади иқтисодий эмас, балки сиёсий, деб ҳисоблашяпти. Чунки Россияда шаклланаётган режим авторитар режимдир. Путин Украинада ҳам айнан шундай авторитар режим вужудга келишидан манфаатдор. Қозоғистон ва Беларусдаги авторитар режимлар Путинга мос келади. Лекин Украинда Юшенко ҳокимиятга келса, бу мамлакатда демократик ўзгаришлар рўй бериши эҳтимоли Россия раҳбариятига умуман тўғри келмайди.

Россиялик тележурналист Павел Шереметнинг фикрича ҳам, Россия билан Украина ўртасидаги иқтисодий алоқаларга кимнинг президент этиб сайланиши таъсир қилмайди. Унинг таъкидлашича, аксинча, россиялик бизнесменларнинг кўпчилиги Юшенконинг президент этиб сайланиши тарафдори.
XS
SM
MD
LG