Линклар

Урганчнинг ўз Қувайти бор


Урганч шаҳридаги жамоатчилик транспортида йўлкира ҳақи сезиларли ошди. Ҳайдовчилар бу Туркманистондан контрабанда йўли билан олиб кириладиган бензин ҳажми камайгани ва бошқа сабаблар оқибати эканини айтмоқда.

Урганчда жамоат транспорти тизимида автобуслар ўз ўрнини хусусий “Дамас”ларга бўшатиб берганига анча бўлган. Аҳоли “Дамас”ларда йўлкира ҳақи 100 сўмдан 150 сўмга чиққанини салбий кутиб олди. Уларнинг таъкидлашича, ҳаёт шундай ҳам оғир бўлган бир пайтда йўл ҳақининг ошгани дард устига чипқондир.

Ҳайдовчилардан бирининг айтишича, йўлкира ҳақи оширилганига сабаблар кўп. Масалан, бензин, лицензия ва бошқа тўловлар қимматлаган. Фақат транспорт нархи эмас, кўплаб бошқа маҳсулотлар нархи ҳам кўтарилган. Илгари 600-700 сўм бўлган пахта ёғи 1200 сўмга, 1800 сўм бўлган гўшт эса 2100-2200 сўмга чиққан. Шундай бўлгандан кейин йўлкира ҳақи ҳам табиий равишда ошган.

Маълум бўлишича, Хоразмга Туркманистондан контрабанда йўли билан олиб ўтиладиган бензин нархи қимматлашгани ҳам йўлкира ҳақи ошишига туртки бўлган. Чунки “Дамас” ҳайдовчилар айнан контрабанда бензиндан фойдаланади. Вилоятда 33 та хусусий ёқилғи қуйиш шахобчаси фаолият кўрсатади. Лекин ҳайдовчилар бензинни улардан эмас, қўлдан сотиб олишни маъқул кўради. Шахобчалар бензиннинг литридан уриб қолинади. Контрабандачилар эса литридан урмайди.

Вилоят нефть базаси масъуллари шахобчаларга чиқарилаётган бензин сифати жуда яхши эканини таъкидласа-да, ҳайдовчилар бу гапга қўшилмайди. Уларнинг эътирофича, шахобчалардаги бензин сифатида жуда ёмон. Бу эса машиналарнинг тез бузилишига олиб келади. Шунинг учун ҳайдовчилар сифати яхши бўлган контрабанда бензинни сотиб олишни маъқул кўради.

Айни пайтда Хоразм вилояти кўчаларида машиналар сони камайганини кузатиш мумкин. Яқин-яқингача литри 200 сўмдан сотилган бензинни ҳозир 400 сўмга ҳам топиш амри маҳол. Ҳайдовчилар бунинг сабабини Туркманистондан контрабанда бензин олиб келиш анча камайгани билан изоҳламоқда.

Вилоятнинг Туркманистон билан чегарадош ҳудудлари аҳли бензин контрабандаси орқасидан кун кўради. Бензин олди-сотдиси билан шуғулланаётган вақтда туркман аскарлари томонидан отиб ўлдирилган манғитлик Эгамберган Олдижонов иқтисодий етишмовчилик сабаб шу ишга қўл урган эди.

Расмийлар бензин контрабандаси мавжудлигини рад этади. Лекин кўча-куйда бензин савдоси авжида. Ҳатто Урганч шаҳридаги Маърифатчилар кўчасини оддий халқ “Қувайт” деб аташини Хоразмда барча билади. Неча йилдирки, бу маҳалладаги деярли ҳар бир хонадонда бензин сотилади.

Хоразмликлар бензин етишмовчилиги вақтинчалик эканини, бунга Туркманистонда мустақиллик байрами ўтказилаётгани сабаб бўлганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG