Линклар

logo-print

Ўзбекистоннинг қонуности ҳужжатлари қонунларга зид


Зикрилло Ишонч Маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда Ўзбекистон банкларига нақд пул келиб тушиши камайган. Бу эса аҳолига иш ҳақи ва нафақа тўлашда нақд пул етишмаслиги муаммосини келтириб чиқарган.

Ушбу маълумотни банклардан бирининг ходими ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига қараганда, ҳозир савдонинг асосий қисми хусусий сектор қўлига ўтиб кетган. Фуқаролар кундалик эҳтиёжи учун маҳсулотни улардан харид қилади. Бундан ташқари, аҳоли қўлидаги бўш маблағни банкларга қўйишни ўрганмаган ёки бундай қилишдан қўрқади.

Иқтисодчи олим Иброҳим Ҳакимовнинг таъкидлашича, пулнинг асосий вазифаси жамиятда тақсимот, истеъмол ва муомала билан боғлиқ жараёнларнинг амалга ошишини таъминлашдир. Бу тизим иқтисод барқарор бўлган ёки ўсаётган шароитдагина ишлайди.

“Ҳозир Ўзбекистонда нақд пулнинг банкдан ташқари муомаласи ҳажми жуда катта. Бу эса жамиятда иқтисодий муносабатлар тизими яхши шаклланмаганидан дарак беради. Сўм Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетаётгани йўқ. Чунки у бошқа давлатларда конвертация қилинмайди. Демак пул мамлакатнинг ичида қайсидир каналларда ушланиб қоляпти. Бундан хулоса қилиш мумкинки, давлатнинг ичида норасмий иқтисодиёт ҳам бор. Унинг ҳажмини ҳали ҳеч ким билмайди ёки ошкор қилинмаган. Норасмий иқтисодиётда айланаётган миллиард-миллиард сўм пул давлатга фойда келтирмайди”, деди олим.

И.Ҳакимовнинг билдиришича, Ўзбекистонда иқтисодиёт соҳасида чиқарилаётган қонуности ҳужжатлари қонунларга тўғри келмаётир. Бу эса тадбиркорлик ривожланишига тўғаноқ бўлмоқда. Аҳоли бу муаммонинг асосий бўғини банк, деб қарайди. Натижада фуқароларнинг банкка ишончи қолмайди ва бўш маблағларини банкка қўймайди.
XS
SM
MD
LG