Линклар

Ўғрини уриб ўлдирганлар қайта судланди


Турғунбек Андижон вилоятидаги Эшончик қишлоғи уйларига ўғирликка кирган шахсни уриб ўлдирганликда айбланган 13 фуқаро устидан қайта суд ўтказилди ва куни-кеча суд ҳукми эълон қилинди.

Аввало, Балиқчи туманидаги Эшончик қишлоғида содир бўлган воқеани эслаб ўтсак. 2003 йил 6 апрель куни қишлоқдаги масжид олдига боғланган ҳолда ўлиб ётган фуқаронинг ўлиги топилди. Кейинчалик қишлоқ аҳли қўшни туманда яшайдиган фуқарони ўғирликда гумон қилиб ушлаб калтаклагани ва масжид олдига боғлаб қўйгани маълум бўлди. 2003 йил 24 октябрда Андижон вилояти жиноят ишлари суди 13 фуқарони мазкур иш бўйича айблаб, 10 йилдан 16 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этди. Лекин қишлоқ аҳли ва қамалганларнинг яқинлари ҳукмдан норози бўлиб, Олий суд ва Бош прокуратурага мурожаат этди. Бу идоралар эътирозларни қабул қилмагандан сўнг “Ўзбекистон овози” газетасида воқеа тафсилотларига бағишланган мақола босилди. 2004 йил 13 февралда Буюк Британия, Франция ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчихоналари вилоят судига воқеани ўрганиш мақсадида вакиллар жўнатди.

Орадан шунча вақт ўтгандан сўнг мазкур иш қайта судда кўриб чиқилди. 13 судланувчидан уч нафари суд залидан озод этилди. Бир айбланувчига 13 йил, 4 фуқарога 9 йилдан дан 12 йилгача, қолган беш кишига эса 4 йилдан 6 йилгача қамоқ жазоси тайинланди.

Судланувчилар орасида Дилмурод Мираҳмедов ҳам бор эди. Дастлабки судда у 13 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Кейинги судда бу муддат икки йилга туширилди ва амнистия қўлланилиб, Д.Мираҳмедов суд залидан озод қилинди. Лекин Дилмурод суд ҳукмидан барибир қониқмаганини айтмоқда.

Унинг сўзларига қараганда, суд ишни кутилган даражада одилона ҳал қилмаган. Чунки судда маҳалла посбонлари Ортиқали Исоқов, Нозимжон Ҳожиматов ва Қўшоқбой Усмоновга қасддан одам ўлдириш айби қўйилган. Аслида бу йигитлар ўғрини милиция қўлига топширишга ҳаракат қилган, аммо оломон қўлидан ажратиб ола олмаган. Кейин эса участка инспекторини топиб, воқеа жойига олиб келган.

Суд залидан озодликка чиқарилган Обид Маҳмудовнинг таъкидлашича, ўша куни ҳамқишлоқлардан ҳеч бири қасддан жиноят содир этмаган.

Суд залидан озод этилганлардан яна бири Зиёдулла Мамадалиев ҳам суд жиноят оломон томонидан қилинганини ҳисобга олмаганини билдирди.

“Тергов пайтида жиноятни бўйнимизга қўйишга ҳаракат қилинди. Қаттиқ қийноқлар бўлди. Бунинг натижасида менинг иккала кўзим ҳам кўр бўлиб қолди. Шу аҳволда бир ярим йил давомида қамоқда ўтирдим”, деди З.Мамадалиев.

Эшончиклик 65 ёшли Сардорхон Мансурованинг айтишича, ўша пайтда икки ой ичида қишлоқда 27 та ўғирлик содир бўлган. Лекин бу ҳолатга на ширкат ёки маҳалла раиси, на туман милицияси жиддий эътибор бермаган. Шундан кейин қариялар посбон йигитдан бу ишга жиддий киришишни талаб қилган. Ҳозир қамоқда ўтирган посбон ғирт етимдир. Унинг икки боласи ва хотини ёлғиз қолган.

Маълум бўлишича, қайта суд жараёни давомида ҳуқуқ-тартибот ходимларидан уч нафари устидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG