Линклар

“ЎзДЭУавто” “Женерал моторс”дан умидвор


Ҳакимбек Россияда чоп этиладиган “Коммерсант” газетасининг ёзишича, 2005 йилнинг октябрига бориб дунёнинг аксарият бозорларига “ДЭУ” ёрлиғи (брэнд) остида янги автомобиллар сотиш (ишлаб чиқариш) тўхтатилади.

Газетада таъкидланишича, Асакадаги “ЎзДЭУавто” қўшма корхонаси шу вақт оралиғида айни пайтда “Женерал моторс” концерни назоратида бўлган “ДЭУ” компаниясининг Жанубий Кореядаги заводлари билан Ўзбекистонда “Чевролет” брэнди остида автомобиль чиқариш ҳақида келишиб олиши лозим. Агар келишув амалга ошмаса, “Нексия” ва “Матиз” каби русумдаги автомобилларнинг Ўзбекистонда йиғилиши тўхтаб қолиши мумкин.

“Коммерсант”да чоп этилган ушбу мақола юзасидан “Ўзавтосаноат” уюшмаси масъулларидан бирорта маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Мавзу юзасидан фикр билдирган иқтисодчи Ориф Ҳошимов “ДЭУ” ёрлиғи остида автомобиль сотилишининг тўхташи унча катта ваҳимага сабаб бўладиган ҳолат эмаслигини айтди.

“Чунки завод бор, маҳсулот чиқарилмоқда. Агар “Чевролет” билан келишилмаса, Ўзбекистон томонининг ўзига хос режалари, дейлик миллий брэнд ишлаб чиқиш ва уни бозорга киритиш бўйича, бўлса керак. Масалан, “Матиз” русумли автомобиль, адашмасам, 7-8 мамлакатда 4-5 хил брэнд остида чиқарилади. Бизда ҳам худди шундай йўл тутилиши мумкин”, деди иқтисодчи.

О.Ҳошимовнинг фикрича, миллий брэнд ишлаб чиқилса, уни миллий бозорга киритиш катта харажат талаб этмайди. Бироқ бу брэндни рақобат кучли бўлган ташқи бозорга олиб чиқишда катта харажатлар қилиш керак.

Жанубий Кореянинг инқирозга учраган “ДЭУ” автомобиль компаниясини 2002 йилда АҚШнинг “Женерал моторс” концерни сотиб олганди. Аммо, маълумотларга кўра, концерн “ДЭУ”нинг бошқа мамлакатлардаги, жумладан, Ўзбекистондаги мулкларини харид қилмаган.

“ЎзДЭУавто” қўшма корхонаси 1994 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг 51 фоиз акцияси Ўзбекистон ҳукуматига, қолгани эса кореялик ҳамкорга тегишли. Ҳозир бу ерда “Нексия”, “Матиз”, “Дамас” ва “Ласетти” русумли автомобиллар йиғилади. Корхона маҳсулотлари ички бозордан ташқари қўшни мамлакатларга, кўпроқ Россияга экспорт қилинади. “ЎзДЭУавто” 2005 йил ўрталаридан “Дамас”нинг анча мукаммаллаштирилган янги варианти – “Дамас-2”ни йиғишни йўлга қўйиши ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.

Маълум бўлишича, “Женерал моторс” “ДЭУ” заводи маҳсулотларини Европа бозорига “Чевролит” брэнди билан олиб киришни мўлжаллаётган бир пайтда Ўзбекистондаги завод ўз автомобилларини хорижга қандай ёрлиғ остида сотиш устида бош қотирмоқда. “ЎзДЭУавто” масъуллари “Чевролет” ёрлиғи билан бозорларга чиқиш масаласида “Женерал моторс” билан музокаралар олиб боряпти. “ЎзДЭУавто” учун бутловчи қисмлар етказиб берувчи йигирмага яқин корхонага эга Ўзбекистон “Женерал моторс”нинг ҳамкорликни узиб қўймаслигига умид билдираётир.
XS
SM
MD
LG