Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:41

Шоҳимардонни Қорабоққа айлантиришдан ким манфаатдор?


Россиядаги баъзи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичидаги Шоҳимардон анклави иккинчи Қорабоғ бўлиши мумкинлиги ҳақида жар солмоқда.

Россия ОАВ ва Интернет сайтларини кузатиб, Шоҳимардон анклави бу мамлакат журналистларини анча қизиқтириб қўйганига гувоҳ бўлиш мумкин.

25 октябрда “Фергана.ру” сайтида эълон қилинган “Шоҳимардон иккинчи Қорабоққа айланадими?” сарлавҳали мақола киши эътиборини тортади. Унда баъзи таҳлилчилар ҳатто анклав баҳонасида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида уруш чиқишини мумкинлигини башорат қилган.

Гарчи сайт бош муҳаррири Даниил Кислов воқеалар бундай ривожланиши эҳтимолдан йироқлигини айтса-да, Россия ҳарбий фанлар академияси этнопсихологи полковник Владимир Попов Қирғизистоннинг Ўзбекистонга ҳудудий талаблари охир-оқибат ҳарбий зиддиятга олиб келиши мумкинлигини таъкидлайди.

Россиялик таҳлилчиларнинг билдиришича, Қирғизистоннинг асосий ҳарбий бўлинмалари Шоҳимардонга яқин жойлашган. Улар анклавдан Ўзбекистонга борадиган ягона йўлни осонгина тўсиб қўйиши мумкин. Ўзбекистон Қуролли кучлари бомбардимончи авиацияга ва десант бригадаларига эга. Бу эса зарур бўлганда ўзбек армиясининг душман ҳудудидаги муҳим объектларни қўлга киритиши ва Шоҳимардонни ўз назоратига олишига имкон беради.

Кўриниб турибдики, моҳиятан олиб қаралганда, россиялик таҳлилчилар Шоҳимардонни чиндан ҳам иккинчи Қорабоққа айлантириш режасини таклиф қилмоқда.

Хўш, Россия ОАВда бундай мазмундаги мақолалар кўпайишига сабаб нима? Нега улар урушни башорат қилмоқда? Балки бу Россия махфий хизматларининг ишидир?

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Комрон Алиевнинг фикрича, рус матбуотида бу тахлитдаги мақолаларнинг пайдо бўлиши Россиянинг Марказий Осиёда юргизаётган ниҳоятда фаол, буни агрессив ҳам дейиш мумкин, сиёсатининг натижасидир. Чунки уларни минтақа давлатлари ўртасидаги келишмовчиликдан Россия қандай манфаат кўриши масаласи қизиқтиради.
Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Бозорбой Мамбетовнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, Шоҳимардан масаласи икки давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш асносида кўриб чиқилади. Россиялик таҳлилчилар илгари сураётган йўллар хомхаёлдир.

“Россия сариқ матбуоти Қорабоғ ва ҳоказо деб оғзига келганини ёзиши мумкин. Бу билан бизни қўрқитмоқчи бўлмасинлар. Биз - Марказий Осиё халқлари ҳар доимгидек ўзимизни биргаликда ҳис қиламиз ва воқеалар бошқача ривожланишига йўл қўймаймиз. Улар хомтама бўлмасин. Биз уларга ҳеч қандай имкон қолдирмаймиз”, деди Бош вазир ўринбосари.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати раҳбари Малик Қодировнинг таъкидлашича, МДҲ мамлакатлари 1992 йилда Бишкек келишувини имзолаган. Бу ҳужжатга кўра, ўша пайтда мамлакатлар ўртасида мавжуд маъмурий чегаралар давлат чегараларига айланган. Айни пайтда Ўзбекистон-Қирғизистон чегара муаммоларини ҳал қилиш устида икки томонлама комиссия иш олиб бормоқда. Чегара бўйича сиёсий ўйинлар Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасининг Боғиз участкасида ҳам кўтарилган эди. Лекин бу масала икки томонлама келишувга асосан ҳал этилди.

А.Қодировнинг маълум қилишича, Шоҳимардон анклави бўйича Ўзбекистонга ҳеч қандай расмий эътироз ёки даъво билдирилмаган. Бу гаплар фақат матбуот саҳифаларида пайдо бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG