Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:03

Халқаро ташкилотлар иқлим ўзгариши ҳақида яна бир ҳисобот чиқарди


Сўнгги ўн беш йил ичида дунё иқлими ҳар қачонгидан тез суръатда исиб бормоқда. Бу дунёнинг турли минтақаларида яшовчи миллионлаб одамларга катта қийинчиликлар яратяпти. Қишлоқ хўжалиги ва саноатга катта зарар етказмоқда. Халқаро ташкилотлар бу ҳақда вақти-қақти билан турли ҳисоботлар чиқармоқда. Куни кеча иқлим ўзгаришига оид яна бир ҳисобот халқаро ташкилотлар томонидан эълон қилинди. Тоза табиат” рукнининг бугунги сонида ана шу ҳисоботга оид маълумотлар билан танишасиз.

Британиядаги “New Economics Foundation” тадқиқот маркази “World Wildlife Fund”, “Greenpeace” ва дунёнинг 100дан ортиқ мамлакатида фаолият юритаётган яна ўндан ортиқ халқаро ташкилот билан биргаликда иқлим ўзгариши ва унинг салбий оқибатларига оид ҳисобот чиқарди. Унда иқлим ўзгариши кўплаб одамлар, айниқса камбағал давлатларда яшовчи миллионлаб кишилар ҳаётига салбий таъсир этаётгани билдирилади. Ҳисоботни тайёрлашда қатнашган атроф-муҳит ва ҳайрия ташкилотлари бой давлатлар ҳукуматларини иқлим ўзгаришининг олдини олиш чораларини кўришга чақиради.

Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланувчи “Greenpeace” ташкилоти вакили Бен Стюарт Озодлик радиосига ҳисобот мақсади ҳақида бундай деди:

”Ҳисобот чиқаришдан кўзланган мақсад иқлим ўзгариши бундан буён фақат атроф-муҳит билан боғлиқ таҳдид эмаслигини, бу жараён ривожланаётган давлатлар аҳолиси учун ҳам жиддий таҳдид эканига эътибор қаратиш. Ҳозирда иқлим ўзгариши оқибатида кўплаб одам нобуд бўлмоқда. Агар ушбу муаммо бартараф этилмаса, нафақат ҳайвон, қуш ва ўсимлик турлари йўқ бўлиши балки, жуда кўп одам нобуд бўлиши мумкин“ - дейди “Greenpeace” вакили.

Ҳисоботда сўнгги йилларда кузатилаётган иқлим ўзгариши оқибатида табиий офатлар тез-тез юз бераётгани, бу жараёнда инсоният асрлар мобайнида қўлга киритган ютуқлар саноқли дақиқалар ичида бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги алоҳида таъкидланади.

Бен Стюартга кўра, иқлим ўзгариши келажакда дунёнинг айрим минтақаларига салбий таъсир этиши мумкинлигини айтади:

”Келажакда, яъни, иқлим ўзгариши ҳозиргига қараганда анча жиддий тус олганида Африканинг марказий минтақаларида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилгани, Бангладешда сув тошқинлари ҳозиргига қараганда жиддийроқ муаммога айлангани, денгиз сатҳи кўтарилгани, Тинч океанидаги баъзи ороллар сув остида қолганини кўриш мумкин бўлади“ - дейди “Greenpeace” вакили.

БМТнинг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича ҳукуматлараро қўмитаси раиси Доктор Р.Л.Пачури “Greenpeace” вакили қарашларига ҳамоханг фикр билдирди. БМТ вакилига кўра, тропик ва субтропик зонада жойлашган давлатларда камбағал деҳқонлар асосан лалми, яъни, суғорилмайдиган ерларда ҳосил етиштиради. Шу сабабли улар учун ёмғир ўз вақтида ёғиши муҳим.

Сўнгги ўн беш йил мобайнида глобал иқлим тез суръатда ўзгармоқда. Оқибатда Осиё давлатларида қурғоқчилик, Европада ҳароратнинг меъёрдан ортиқ исиши, Америкада тўфонлар, бошқа минтақаларда эса сув тошқинлари рўй беряпти. Табиий офатлар натижасида кўплаб одам нобуд бўлмоқда, қишлоқ хўжалиги ва саноатга катта зарар етяпти.

Дунёнинг қайси минтақасида ана шундай табиий офатлар юз бериши мумкинлигини олдиндан аниқлаш учун ҳозирда сунъий йўлдошлардан олинган фотосуратлар ва бошқа маълумотлар таҳлил қилинади. Бундан ташқари, махсус климатологик станциялар ҳам об-ҳаво ўзгаришини кузатишда муҳим рол ўйнайди. Ана шундай климатологик станциялардан бири Марказий Осиёда жойлашган.

Лекин у ҳозирда ишламайди. Бунинг сабаби, Ўзбекистон исломий ҳаракати жанггарилари 1999 йилда Қирғизистоннинг Боткен туманига бостириб кирган пайтда станцияни эгаллаб, уни портлатиб юборган. Ўшандан бери иқлим ўзгаришини кузатиб борган бу станция қайта тиклангани йўқ. Мутахассислар ушбу станция фаолияти тўхтаб қолганидан ташвишда.
XS
SM
MD
LG