Линклар

logo-print

«Халқаро Амнистия» ташкилоти АҚШ ҳукуматининг қийноқларни тўхтатиш мажбуриятларини бажармаётганлигидан хавотир билдирди

  • Фаррух Юсуфий

«Халқаро амнистия» инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Ҳужжатда АҚШ ҳукумати ҳарбий маҳбусларга нисбатан қийноқларни қўллашда ва Женева Конвенциясининг қатор моддаларини бузишда айбланади. АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларидан бир ҳафта олдин чиққан бу ҳисоботда Президент Жорж Буш маъмурияти қаттиқ танқид қилинади. Ҳужжатда таъкидланишича, АҚШ ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонунларни четлаб ўтишга ҳаракат қилган.

«Халқаро амнистия» инсон ҳуқуқлари ташкилоти Америка Қўшма Штатлари ҳукуматини, ташкилотнинг сўзи билан айтганда, «уруш кайфияти»ни рағбатлантирганликда айбламоқда. Ҳисоботда айтилишича, бундай кайфият ҳарбий маҳбусларни қийноққа солиш ва Женева Конвенцияси моддаларининг бузилишига олиб келган.

«Халқаро амнистия» ташкилоти мазкур ҳисоботни АҚШдаги президентлик сайловидан бир ҳафта олдин эълон қилиши муаллифларнинг асл мақсадлари сиёсий эмасмикин, деган саволларни туғдириши мумкин. Озодлик радиоси ташкилотнинг матбуот котиби Брендан Паддидан бу масалани изоҳлаб беришни сўради.

Паддига кўра, ҳисоботни АҚШдаги президентлик сайловидан бир ҳафта олдин эълон қилишдан мақсад президентликка номзодларга мурожаат қилиб, келажакда ҳарбий маҳбусларни қийноқларга солишга барҳам беришга чақиришдир.

«Абу-Ғрайбдаги можаролар ошкор этилганига олти ой бўлди. Биз бу воқеани кузатиб бордик ва президент маъмурияти ҳалигача бундай қийноқларнинг бошқа қайтарилмаслиги учун ҳамма чораларни кўрмаётганлигидан жуда ҳавотирдамиз. Биз АҚШдаги президентлик сайловига таъсир ўтказмоқчимиз, лекин одамлар ўйлаётгандай тарзда эмас. Биз президентликка номзодларнинг иккаласига ҳам мурожаат қилиб, уларни қийноқларга барҳам беришга чақирмоқчимиз”, - дейди «Халқаро амнистия» вакили.

Ташкилот ҳисоботида айтилишича, БМТ 1985 йилда қабул қилган қийноқларга қарши конвенцияни имзолаган давлатлар қийноқларга «тоқатсизлик» сиёсатини олиб бориш мажбуриятини олган, лекин АҚШ бу мажбуриятларга очиқдан-очиқ амал қилмаяпти.

«Халқаро амнистия» ташкилотининг таъкидлашича, АҚШ терроризмга қарши курашиш йўлида ҳарбий маҳбусларни қийноқларга солиш ва уларга шафқатсиз муносабатда бўлишга шароитлар яратиб берган.

Бағдоднинг Абу-Ғрайб қамоқхонасида юз берган воқеалар ошкор этилганидан бери бир нечта АҚШ аскари ироқлик маҳбусларни қйинаганликда айбланиб, уларга қамоқ жазолари белгиланган. Лекин ҳалигача бошқа бир муҳим масала – ҳарбий қўмондонлик ёки ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорлари қийноқларга шароит яратиб бергани учун жавобгарми, йўқми, деган масала кўриб чиқилган эмас. «Халқаро амнистия» ташкилотининг хулоса қилишича, демак, келажакда қийноқларга барҳам бериш учун кўп нарса қилинмаяпти.

Ташкилот вакилининг Озодлик радиосига айтишича, инсон ҳуқуқлари қўмитаси АҚШ ҳукуматига бир қатор тавсиялар берган.

«Уларнинг ичида иккита аниқ тавсия бор. Биринчидан, ҳозир АҚШ ҳукумати қийноқларга қарши эканлигини биз хоҳлаганчалик аниқ билдирмаяпти. Улар қийноқларга қарши эканлигини айта туриб, бошқа томондан қийноқларни тор маънода тавсифлашга ва баъзи нарсаларни, масалан, «босим қилиш ва мажбурлаш»ни, қийноқлар тавсифидан чиқаришга ҳаракат қиляпти. Лекин буларни қийноқ ёки ҳеч бўлмаганда шафқатсизлик, деб аташимиз мумкин. Ҳукумат қийноқларга қарши эканлигини очиқ ва аниқ айтиши керак. Иккинчидан, ҳукумат ҳозир қўлланилаётган амалиётларни кўриб чиқиши керак. Ҳозир Ироқдан бизни хавотирга солаётган хабарларни олмоқдамиз. Эшитишимизча, у ерда кўпчилик ҳарбий маҳбусларни яширин ҳолда номаълум йўналишларда олиб кетишаётган экан”, - дейди Брендан Падди.

Унинг айтишича, охирги ойларда Қўшма Штатлардаги бир нечта газетада АҚШ назоратидаги ҳарбий маҳбуслар қийноқларни ман этмайдиган учинчи мамлакатларга олиб кетилаётгани ҳақида хабарлар берилган. Бу эса, АҚШ БМТнинг қийноқларга қарши конвенциясини имзолаган бўлса ҳам, ундаги моддаларни ўз фойдасига талқин қилаётгани, яъни бузаётганлигидан далолат беради.

«Халқаро амнистия» ташкилоти ўз ҳисоботида АҚШ ҳукуматини, ҳарбий маҳбусларни яширин жойларда ёлғиз сақлаш амалиётидан воз кечиш ва барча ҳарбий маҳбусларга ҳуқуқий маслаҳат, қариндошлари ва шифокорлар билан учрашиш имкониятини беришга чақиради. «Иккиюзламачилик» сиёсатини қўллаш АҚШнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳаракатларининг ишончлилигига путур етказаётганлигидан огоҳлантиради.
XS
SM
MD
LG