Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:14

Хоразм ҳокими туркманларга ҳотамтойлик қилди


Туркманистоннинг мустақиллик байрами муносабати билан Хоразмда ягона бўлган туркман мактабига вилоят ҳокимлиги томонида 10 та компьютер совға қилинди.

Махтумқули номидаги мазкур мактаб директори Исмоил Абдуллаевнинг сўзларига қараганда, совғани вилоят ҳокимининг шахсан ўзи топширган. У мактаб ўқувчилари ва ўқитувчиларини Туркманистон мустақиллиги куни билан табриклаган.

Урганч туманидаги Ғойбу қишлоғининг “Олауйлик” маҳалласида жойлашган Махтумқули номидаги мактабда 400 га яқин ўқувчи таҳсил олади. Бу маҳалла ўзбек-туркман гузари деб ҳам номланади.

И.Абдуллаевнинг айтишича, Олайликда 2,5 мингдан ортиқ туркман ўзбеклар билан қўни-қўшни яшайди. Бу ерда миллат ажратиш умуман кузатилмайди.

Маълумотларга кўра, Хоразмда 8 мингдан ортиқ туркман яшайди. Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош бўлган Лебоб ва Тошҳовуз вилоятларида эса 700 мингдан ортиқ ўзбек бор. Туркманистонда жами 1 миллионга яқин ўзбек яшайди.

Ўлкашунос олим Комил Нуржоновнинг таъкидлашича, ўзбек ва туркман халқлари минг йиллар давомида бирга яшаб, ўзаро қариндош бўлиб кетган. Бироқ сўнгги 10 йил давомида икки халқ ўртасидаги маданий алоқалар узилиб қолган. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро сиёсий келишмовчилиги бу халқлар ўртасидаги маданий алоқаларга таъсир этмаслиги керак.

60 ёшли Гулора Рўзметова бундан қирқ йил муқаддам Тошҳовуздан Хоразмга келин бўлиб тушганди. Ҳозир у Ғойбу қишлоғида яшайди. Г.Рўзметованинг билдиришича, ўн йилдан ошдики, туркманистонлик қариндошларидан хабар ола олмаяпти. Хоразмда яшаётган туркманларнинг чегарадан олти доллар тўлаб ўтишга қурби етмайди.

Ўзбекистонлик туркманлар ҳар йили Туркманистоннинг мустақиллик байрами куни Туркманбоши ҳеч бўлмаганда бир кун чегарадан текин ўтишга имкон беришига умид қилади. Лекин ҳар сафар уларнинг умидлари пучга чиқяпти.
XS
SM
MD
LG