Линклар

logo-print

Ўзбекистон ва Туркманистон чегараларда абадий осойишталикка эришмоқчи


Фирдавс Хабарларга қараганда, Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг 19 ноябрь куни Бухорода бўлиб ўтиши кутилаётган учрашувида “чегараларда абадий осойишталик” тўғрисида келишув имзоланиши режалаштирилган.

Ўзбек-туркман чегарасидаги “абадий осойишталик” ҳақида ҳужжат имзоланишини Туркманистон Президенти Сапармурод Ниёзов миллий телевидение орқали чиқишида таъкидлаган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон шу пайтга қадар қўшни давлатлар билан кўплаб ҳужжатлар имзолаган бўлса-да, улар орасида “абадий осойишталик” маъносидаги келишув йўқ.

Кузатувчилар Туркманистон билан шундай келишув имзоланиши кутилаётганига икки давлат чегара ҳудудидаги кескинлик сабаб бўлганини айтмоқда. Зеро, уларнинг эътирофича, бу кескинлик туркман аскарлари томонидан чегара ҳудудида яшовчи ўзбекларнинг отилиши, уриб ўлдирилиши, гаровга олиниши кўринишида юзага келмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойидан буён биргина Деҳқонобод туманининг чегарадош қишлоқларидан уч киши туркман ҳарбийлари томонидан асоссиз ушлаб кетилган эди. Улардан бири Абдураҳмон исмли чўпон йигитнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, чегаранинг Ўзбекистон томонида мол боқиб юрганида икки туркман аскари уни ушлаб, қўлини боғлаган ва Туркманистон томонга олиб кетган. У бир қўй эвазига тутқунликдан озод бўлган.

Баъзан Ўзбекистон фуқароларнинг туркман ҳарбийлари томонидан уриб ўлдирилиши ҳолатлари ҳам учраб турибди. Масалан, Қорақалпоғистоннинг Тахиатош шаҳридан бўлган Ойтуғди Мухонов шу тарзда ўлдирилган эди. Шунингдек, контрабанда йўли билан Туркманистондан бензин ёки бошқа маҳсулотлар олиб келишга уринган ўзбек йигитлари ҳам туркманлар ўқига нишон бўлаётир. Шундай воқеа яқинда Таллимаржонда кузатилганди.

Кузатувчиларнинг фикрича, абадий осойишталик тўғрисида келишув имзоланишининг бошқа сабаблари ҳам бор. Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим бўлган бир неча объектлар чегара ҳудудларида жойлашган. Кўкдумалоқдаги газ конлари ва Қашқадарёни сув билан таъминловчи 6 та насос станцияси атрофида келишувмовчиликлар мавжуд. С.Ниёзов ҳам бир чиқишида минтақадаги асосий муаммолар сув билан боғлиқлигини очиқ баён қилган эди.

Сув муаммосининг ечилмаслиги Қашқадарё вилояти, умуман Ўзбекистон иқтисоди учун жуда хатарли. Негаки Қашқадарё аҳлининг 1,5 миллиони ҳамда вилоятда етиштириладиган пахта ва ғалланинг 60 фоиздан ортиғи тақдири Амударёнинг Туркманистондан ўтадиган қисмидан сув оладиган Таллимаржон сув омбори билан боғлиқ.

Кузатувчилар икки давлат ўртасидаги муаммоларда Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларигина чек қўйиши мумкинлиги, чунки бу қўшни мамлакатларда юрт тақдири шахслар иродасига боғлиқлигини таъкидламоқда.

Мустақил кузатувчи Комил Нуржоновнинг сўзларига кўра, мазкур давлатлар бошлиқлари бир-бирини тушуниб, ҳумрат асосида борди-келдини йўлга қўйса, ўзбек ва туркман халқларининг асрий дўстлиги сақланиб қолади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, Бухородаги учрашувда томонлар икки мамлакат чегара ҳудудларида яшовчи аҳолининг ўзаро борди-келдисини тартибга солишни кўзловчи ҳужжатни имзолаш имкониятларини муҳокама қилади.
XS
SM
MD
LG