Линклар

Бедарак кетган Феруза ИИВдан топилди


Феруза 8 октябрда милиционерлар томонидан ўз уйидан олиб кетилгандан сўнг дараги чиқмаётган Феруза Жўраеванинг айни пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳибсхонасида сақланаётгани маълум бўлди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи томонидан бундан бир қанча вақт муқаддам тарқатилган хабарда айтилишича, 25 ёшли Ф.Жўраева Тошкент шаҳри суди томонидан 15,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган Ваҳобжон Ҳамдамовнинг уйида ижарада турган. У 8 октябрь куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан олиб кетилган ва шу бўйи уйига қайтмаган. Яқинларининг Ферузани топишга бўлган уринишлари ҳам бесамар кетган.

Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, куни-кеча Ф.Жўраеванинг ИИВ ертўласида ҳибсда сақланаётгани маълум бўлган. Лекин вазирлик ходимлари унга қандай айблар қўйилаётгани, нега ҳибсга олингани ҳақида маълумот бермаётир.

Маълум бўлишича, Ф.Жўраева ҳижобда юриб, беш вақт намоз ўқиган.

“Озодлик” мухбири Ф.Жўраеванинг ҳибсга олиниши юзасидан ахборот олиш мақсадида ИИВга мурожаат этди. Бироқ вазирлик матбуот хизмати вакиллари бу воқеа юзасидан ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди.

С.Икромовнинг таъкидлашича, қонунга кўра шахснинг ҳибсга олингани ҳақида унинг яқинларига хабар берилиши ва адвокат билан таъминланиши лозим. Лекин Ф.Жўраеванинг ҳибсга олинганидан ҳеч ким хабардор қилинмаган. Унга адвокат ҳам тайинланмаган. Айни пайтда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ф.Жўраевага адвокат топиш ҳаракатидадир.
XS
SM
MD
LG