Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:11

“Эсдан чиқарилган” тарихий сана


Бундан роппа-роса 80 йил муқаддам Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси ташкил этилган эди. Лекин мустақил Ўзбекистонда бу сана эътибордан четда қолдирилди.

Агар шўро замони бўлганида 27 октябрь катта байрам қилинган, Ўзбекистон Москвадаги раҳбарлар томонидан яна битта орден билан тақдирланган бўларди.

Тарихчи олим, академик Аҳмадали Асқаровнинг сўзларига қараганда, октябрь инқилобидан кейин жадидлар Туркистон мухтор республикасини тузиш ҳаракатида бўлган. Лекин бу интилиш Москвага ёқмаган. Чунки Туркистон халқлари бирлашса, минтақада йирик ва қудратли давлат пайдо бўлар эди. Шунинг учун ўтган асрнинг 20-йиллариданоқ туркий халқларни парчалаб ташлаш, уларнинг бирлашишига йўл қўймасликка ҳаракат қилинган.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тарих фани ўқитувчиси Файзулло Толибовнинг таъкидлашича, Ўрта Осиёда яшаётган ўзбек, туркман, қозоқ, қирғиз ва тожик халқларининг этник келиб чиқиши аслида бир хил. Уларни алоҳида давлатларга бўлишдан мақсад минтақа халқларининг мустақилликка интилишини йўққа чиқариш эди. Бу янги давлатлар миллий эмас, ҳудудий жиҳатдан бўлинган эди.

1924 йил 27 октябрда СССР харитасида таркибига Тожикистон мухтор республикаси кирган Ўзбекистон ССР пайдо бўлди. Алоҳида Туркманистон ССР ташкил этилди. Қорақирғиз мухтор вилояти эса Россия таркибида қолди. Шундан сўнг Туркистон, Хоразм ва Бухоро ижроия кенгашлари тугатилди.

А.Асқаровнинг билдиришича, 1924 йилгача Ўзбекистон ҳудудида 92 туркий элат яшаган. Шу боис, янги ташкил этилган республикага нима ном бериш масаласи кўтарилган. “Туркистон” номи Москвага ёқмайди, “Сартистон” деб аташ тўғри келмайди. Раҳбари ва зиёлилар тўпланиб, янги республикани “Ўзбекистон” деб номлашга қарор қилган. Гарчи “ўзбек” номи бу ҳудудда яшовчи асосий этник қатламга тегишли бўлмаса ҳам мазкур этник гуруҳнинг 16-асрдан буён минтақада яшаб келаётгани инобатга олинган. Албатта, янги республикага “Ўзбекистон” дея ном берилиши Москванинг иштирокисиз бўлмаган.
XS
SM
MD
LG