Линклар

logo-print

Ўзбек футбол ишқибозлари инглизлардан ўрнак олди


Ҳакимбек Осиё чемпионлар лигаси мусобақаси ярим финалининг жавоб учрашувида Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси Жанубий Кореянинг “Сёнгнам” жамоасига ютқизди ва баҳсларни давом эттириш имкониятидан маҳрум бўлди.

Мазкур ўйин “Пахтакор” учун жуда муҳим эди. Чунки жамоа сафарда дуранг ўйнагани боис, ўз уйида кичик ҳисобда ютса ҳам кейинги босқичга йўлланма оларди. Кўпчилик жамоанинг ғолиб бўлишига ишонч билдирганди. Шунинг учун бўлса керак, стадионга одатдагидан анча кўп – 30-35 минг томошабин йиғилди. Бироқ “Пахтакор” корейс футболчиларига 2:0 ҳисобида бой берди.

“Пахтакор”нинг бундай ўйинидан қаттиқ норози бўлган футбол ишқибозлари стадиондан чиққандан сўнг кўчаларда транспорт қатновини тўхтатиб қўйди, кўча чироқлари, бинолар ойналарини синдирди.

Мухлисларнинг сўзларига қараганда, “Пахтакор” футбочиларининг пули кўпайиб, номигагина ўйнайдиган бўлиб қолган. Улар футбол ишқибозлари учун чиройли ўйин кўрсатиб беришни истамай қўйган.

Баъзи фуқароларнинг айтишича, “Пахтакор” ютқизганда мухлисларнинг безорилик қилиши одатий ҳолга айланиб боряпти.

Тартибни сақлаш мақсадида Навоий кўчаси, Мустақиллик ва Хадра майдонларига милиция махсус бўлинмалари ташланди. Дастлаб оломон томонга ўргатилган итларни қўйиб юборган ҳуқуқ-тартибот ходимлари одамлар сийраклашгандан сўнг безориликда гумон қилинганларни қўлга ола бошлади.

Бу ҳолат шундай ҳам жазавада бўлган футбол мухлисларини янада жунбушга келтирди. Улар милиционерлардан ушланганларни қўйиб юборишни талаб қилди.

Тахминан 1,5-2 соат давом этган тартибсизликлардан сўнг “Пахтакор” стадионига яқин кўчаларда вазият тикланди.

Тартибсизликлар оқибатида етказилган зарар ва ушлаб кетилган футбол ишқибозлари ҳақида Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG