Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:32

Ўзбекистон Туркманистондан олдинда. Ура, жаноблар..ми?


“Чегара билмас репортёрлар” халқаро ташкилоти дунё мамлакатларида матбуот эркинлиги рейтингини эълон қилди. Рейтингда Ўзбекистон 142-ўринни эгаллаган. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Туркманистондан олдинда, холос.

Ўзбекистонда матбуот расман эркин. Цензура бекор қилинган. Ҳукумат раҳбарлари бу ҳақда роса кўп гапиради. Уларнинг гапига ишонадиган одамга “Чегара билмас репортёрлар”нинг дунё мамлакатларида матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистонга 142-ўринни лойиқ кўргани бироз тушунарсиз туюлади. Ушбу рўйхатда Қозоғистонга 131, Қирғизистонга 107, Тожикистонга 95, Туркманистонга эса 164-ўрин берилган.

Хўш, Ўзбекистонга дунё мамлакатлари орасидан охирги ўринлардан бири текканини қандай изоҳлаш мумкин?

Халқаро ташкилотлар ва мустақил маҳаллий кузатувчиларнинг фикрлари рейтинг натижалари Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволга анча яқин эканини кўрсатади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Пэр Нурмарк яқинда бўлиб ўтган халқаро анжуманларнинг бирида ўзбек матбуоти эркин эмаслигини танқид қилган эди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда мустақил оммавий ахборот воситалари йўқлиги сиёсий баҳс-мунозаралар ривожига, хусусан, сайлов кампанияси пайтида, тўсиқ бўляпти. Гарчи цензура расман 2,5 йил муқаддам бекор қилинганига қарамай, бу амалиёт ҳамон сақланиб қолаётир. Матбуотда танқидий мақолалар учрамайди.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг фикрича, сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистон матбуотида мамлакатда демократик ўзгаришлар бўлаётгани ҳақида бонг уриляпти. Лекин ҳақиқий матбуотнинг аҳволи вазият умуман тескари эканидан далолат беради. Масалан, кейинги 1-2 йил давомида ОАВга тазйиқ ва тўсиқлар янада кўпайган. Шўролар даврида матбуотни коммунистик партия марказий қўмитаси назорат қиларди. Бугун эса бу вазифани Президент девони вакиллари бажармоқда.

А.Аннаевнинг таъкидлашича, мамлакатда тузум ва ҳукуматнинг халққа нисбатан сиёсати ўзгармас экан, Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар ҳам, эркин матбуот ҳам бўлмайди.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Хуршид Дўстмуҳаммад Ғарбда кўп масалаларда баҳолашнинг рейтинг усулидан фойдаланилишини, лекин бу йўл билан матбуотнинг ошкоралиги даражасини аниқлаб бўлмаслигини таъкидлади.

“Бу бир қараганда, анча қизиқ кўринади. Лекин баҳоларнинг ҳаммаси нисбийдир. Матбуот эркинлиги рейтингини кимлар белгилагани, қайси сабаблардан келиб чиқилгани менга қоронғу. Шунинг учун мен бу рейтингни ишончли, тўла-тўкис деб айта олмайман”, деди Х.Дўстмуҳаммад.

“Чегара билмас репортёрлар” ташкилотининг рейтинг хулосаларига кўра, сўнгги ўринлардаги мамлакатларда матбуот эркинлиги деярли йўқ, мустақил нашрлар чоп этилмайди. Унчалик кўп бўлмаган ахборот манбалари ҳукумат назоратида бўлади. Сон жиҳатдан камчилик бўлган мустақил журналистлар эса доимий таъқибдадир.

Х.Дўстмуҳаммад бу хулосаларга умуман қўшилмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG