Линклар

logo-print

Собиқ элчи тарафдорлари ва унга қаршилар пикет ўтказди


Шайбон Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Мюррей вазифасидан озод қилингани муносабати билан 29 октябрь куни инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифатдаги партиялар вакиллари Бирлашган Қиролликнинг Тошкентдаги элчихонасини пикет қилди.

Элчихона олдига йиғилган 20-25 чоғли кишилар собиқ элчига бўлган муносабатларини изҳор қилиш ниятига эканини билдирди.

Пикетчилар икки гуруҳга бўлинди. Кўпчиликни ташкил этган биринчи гуруҳ вакиллари К.Мюррейни қўллаб-қувватлаш ниятида пикет уюштирди. Уларнинг (Елена Урлаева, Абдужалил Бойматов ва бошқалар) фикрича, К.Мюррей ўзининг демократик принциплари ва адолатпарварлиги учун сиёсий ўйинлар қурбони бўлган.

Бу гуруҳ вакиллари К.Мюррейнинг Ўзбекистонга қайтиб келиши тарафдори эканини маълум қилди.

Камчиликни (6 киши) ташкил этган иккинчи гуруҳ ўзларини мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ҳисоблайдиган Михаил Ардзинов ва Константин Степанов ҳамда уларнинг тарафдорлари эди. Улар К.Мюррейнинг Ўзбекистондаги фаолиятини танқид қилди. Бу гуруҳ пикетда плакатлар кўтаришдан ташқари ўзлари билан олиб келган варақаларни ҳам тарқатди. Бу варақаларда К.Мюррей ҳақида ўта салбий фикрлар битилганди.

Гуруҳ тарафдорларининг таъкидлашича, К.Мюррей уларнинг ташкилотига туҳмат қилиб, турли мактублар уюштирган. Ўзбекистон давлатига зарар келтирадиган туҳматлар тарқатган.

“Биз Буюк Британияни ҳурмат қиламиз. Аммо К.Мюррей сингари элчиларни ҳурмат қилмаймиз. Элчилар ҳам мамлакатнинг ички қонунларига бўйсуниши шарт. Улар инсон ҳуқуқлари ташкилотларини тартибга чақириши, керак бўлса, тажриба алмашиб, тўғри йўлга солиши лозим. К.Мюррейнинг эса кўпроқ зарари тегди”, деди бу гуруҳ тарафдорлари.

Буюк Британия элчисининг биринчи ёрдамчиси Карл Гарн пикетчиларнинг талаб ва мурожаатларини тинглагач, бу ҳақда Лондонга хабар етказишга ваъда берди.
XS
SM
MD
LG