Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:52

Аёллар ҳуқуқлари бузилиши бўйича мониторинг ўтказилади


Дилнаво Тошкентда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан жамиятда аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мавзусига бағишланган тўрт кунлик тренинг ўтказилди.

Тадбирда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ишлаб чиққан аёллар ҳуқуқларининг сақланишини мониторинг қилиш лойиҳаси муҳокама этилди.

Бюронинг инсон ҳуқуқлари бўлими раҳбари ўринбосари Аннет Литнинг сўзларига қараганда, ЕХҲТга аъзо барча мамлакатлар аёллар ҳуқуқлари сақланишини минтақадаги тинчлик ва барқарорликнинг гарови ҳисоблайди. Ўзбекистонда эса аёллар ҳуқуқи муаммога айланиб бормоқда. Бугун мамлакат бу борадаги бутун тизимни такомиллаштириши зарур.

“Ушбу тренингда биз қатнишчиларни фақатгина назарий жиҳатлар билан таништирамиз. Зеро, ташкилотимиз муаммони ҳал этиб бера олмайди. Биз аёллар ташкилотларини аёллар муаммоси билан ўзлари шуғулланишга ундаймиз, холос Аслида аёллар ҳуқуқларининг бузилишини назорат қилиш, муаммонинг ечимини топиш, аввало, давлатнинг мажбуриятидир. Аммо давлат муаммонинг моҳияти ва келиб чиқиш сабабларини билмайди. Бу ҳақдаги маълумотларни давлатга нодавлат ташкилотлар тақдим этиши керак”, деди А.Лит.

А.Литнинг таъкидлашича, айнан аёллар ташкилотлари жамиятда хотин-қизлар ҳуқуқига бўлган эътиборни кучайтиради. Шарқда эса миллий менталитет аёлларни очиқ гапиришдан, ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашишдан қайтаради. Шунинг учун тренингда аёллар нодавлат ташкилотлари вакилларига инсон ҳуқуқлари масаласида халқаро механизмлардан фойдаланиш йўллари, ЕХҲТнинг Ўзбекистон ҳам қабул қилган мажбуриятларига қатъий риоя қилиниши кераклиги ўргатилади.

“Истиқболли ёшлар” маркази мувофиқлаштирувчиси Лутфия Сафарованинг билдиришича, Ўзбекистон Конституцияси аёллар ҳуқуқларининг камситилишига умуман йўл қўймайди. Шунга қарамай, хотин-қизлар кўпинча ўз оиласида зўравонликларга дуч келади. Ўта долзарб бўлган бу муаммони ҳал қилиш бўйича бирорта аниқ механизм мавжуд эмас. Аёллар ҳуқуқларининг тез-тез бузилиши сабабларидан бири уларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмаслигидир. Ўзбекистон хотин-қизларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданияти жуда паст. Чекка вилоятларда эса бу йўналишда ҳеч қандай таълим дастурлари ва маълумот тарқатиш кампаниялари ўтказилмаган. Шунинг учун шаҳардагидан кўра, қишлоқ аёллари аҳволига кўпроқ эътибор қаратилиши керак.

Л.Сафарованинг маълум қилишича, тренинг қатнашчилари ўз вилоятларида аёллар ҳуқуқи бузилиши бўйича мониторинг ўтказишга келишиб қолган. Мониторинг давомида инсон ҳуқуқларининг қай даражада бузилиши, унинг сабаблари бўйича жиддий изланишлар олиб борилади.
XS
SM
MD
LG