Линклар

Француз олимаси Марказий Осиёда аёл мавқеи ҳақида гапиради

  • Фаррух Юсуфий

Тошкентдаги Марказий Осиё масалалари бўйича Франция Институти мутахассиси Ҳабиба Фатҳий ўзининг охирги китобини «Бугунги Марказий Осиёда отин ойилар», деб номлаган. Китобда олима Марказий Осиё муслима аёллар нафақат диний ҳаётда қатнашади, балки кўпинча жамиятда ҳукмронлик мавқеига ҳам эга бўлади, деган фикрни илгари суради. Озодлик радиоси мухбири Никола Крастев Фатҳий билан суҳбатда бўлди.

Ҳабиба Фатҳий ўтган ҳафта Нью-Йоркдаги Очиқ жамият институтида Марказий Осиё мамлакатларида отин ойилар ролини ўрганиш учун ўтказган тадқиқотининг хулосаларини тақдим этди. Олима масалани ўрганиш мақсадида Марказий Осиёнинг узоқ қишлоқларида бир неча ой яшаб, маҳаллий маданият ва урф-одатларни ўрганди.

Фатҳий Озодлик радиосига берган интервьюсида, отин ойи тожик тилида биби халифа, деб аталиши, лекин иккаласи ҳам бир ҳил вазифани бажарашини айтади. Унинг сўзларига кўра, аслида аёлларнинг бу диний вазифаси Марказий Осиёда Совет тузуми ўрнатилишидан олдин ҳам тожик, ўзбек ва эрон халқлари орасида бўлган. Шунингдек, бундай аёллар, Озарбайжон ҳамда Ироқ ва Эроннинг Шиа масҳаблари орасида ҳам бор, деб айтади олима.

”Лекин бугунги кунда Марказий Осиёда отин ойилар жамиятда фаолроқ рол ўйнайди”, - дейди Фатҳий.

Унинг айтишича, Марказий Осиёда Совет тузуми ўрнатилиб, аёллар ҳуқуларининг эркакларники билан тенглаштирилиши уларнинг жамиятдаги мавқеини янада оширган.

”Яқинда Афғонистонда бўлдим. Афғонистоннинг тарихи, маданияти ва дини Марказий Осиёдаги этник гуруҳлар, масалан, ўзбек ва тожиклар билан бир хил. Лекин Афғонистон билан Марказий Осиё ўртасида катта фарқ бор. Чунки Афғонистонда кўчада аёлларни деярли кўрмайсиз, кўрсангиз ҳам улар паранжида бўлади. Ўзбек ва тожик аёлларининг кўпчилиги эса «советлашган». Улар дин ҳақида ҳеч нарса билмайди. Улар отин ойидан арабча ёзув, Қуръон ва бошқа нарсаларни ўрганади”, - дейди Фатҳий

Француз олимасининг сўзларига кўра, жамиятда етакчи ёки ҳукмрон аёллар ҳодисаси кўпроқ Ўзбекистон ва Тожикистонга хос. Чунки ўзбеклардаги отин ойи ёки тожиклардаги биби халифалар каби кайвони аёллар ўтроқ халқлар орасида учрайди. Унинг айтишича, масалан, кўчманчи халқ бўлган қозоқ ёки қирғизларда отин ойилар бўлмайди.

Отин ойилар ҳақида ғарб олимасининг фикрлари битилган китоб ўқувчи учун қизақрли бўлса ажабмас. Лекин шу билан биргаликда, китобда ўқувчи учун янги ва ишониши қийинроқ бўлган маълумотлар ҳам бор.

”Марокаш, Жазоир ва Тунис мусулмонлари орасида ҳам етакчилик вазифасини бажарадиган аёллар бор. Лекин улар орсаида катта фарқ бор. Марказий Осиёда отин ойи фақатгина муқаддас жойларда фаолият олиб бориш билан чекланиб қолмасдан, оила аъзолари ва маҳалладаги ўғил ва қиз болаларга диний билимларни ўргатади”, - дейди Фатҳий

Унинг айтишига кўра, диний масалалрдан ташқари, отин ойилар аёлларга кундалик ҳаётда маслаҳат ва ёрдам беради.

”Катта опалар каби, бу кайвони аёллар бошқа аёлларга кундалик ҳаётдаги қийинчиликларни енгишга ёрдам ва маслаҳатларини аямайди. Марказий Осиёдаги муслима аёллар, жумладан, динда бўлмаган аёллар ҳам, ўз хонадонларини ёмон кўздан асраш учун динга таяниши ва отин ойилар каби муслима аёлларга мурожаат этишини тушуниш қийин эмас.
XS
SM
MD
LG