Линклар

Украинада президентлик сайловлари яқинлашган сари сиёсий вазият кескинлашмоқда


Якшанба куни Украинада президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Сайлов яқинлашган сари мамлакатда сиёсий танглик кучайиб бормоқда. 26 номзоднинг ичида асосий номзодлар Украинанинг ҳозирги бош вазири Виктор Янукович ва «Наша Украина» муҳолиф партияси раҳбари Виктор Юшенколар эканлиги ҳақида олдин ҳабар берган эдик. Сайлов кампаниясини кузатиб бораётган таҳлилчилар бугун асосий масала сайловда ким ютиб чиқиши эмас, балки сайловлар эркин, адолатли ва тинч ўтиш-ўтмаслиги эканини гапирмоқда. Бу ҳақда ҳамкасбим Фаррух Юсуфий билан суҳатлашамиз.

Ҳ: Фаррух, Украинада президентлик сайловларига саноқли кунлар қолди, у ердаги вазиятни кузатувчилар кескин, деб баҳолашяпти. Бу кескинлик боиси нимада?

ФЮ: Охирги бир неча ҳафта давомида иккита асосий даъвогар Виктор Янукович ва Виктор Юшенко бир-бирини сайлов кампанияси давомида жирканч усуллардан фойдаланаётнганликда айблай бошладилар.

Виктор Янукович тарафдорлари, яъни расмий Киев вакиллари Юшнкони мамлакатда бир нечта портлашларни ташкил этганликда айблаган. Ундан кейин, Украина ички ишлар вазирлиги Юшенко етакчилик қилаётган «Наша Украина» партиясига тегишли идораларда портловчи моддалар ва қуроллар топилганлиги ҳақида ҳабар берган эди. Шунингдек, Янукович тарафдорлари Юшенко ютқизадиган тақдирда, унинг тарафдорлари мамлакатда зўравонлик ва тартибсизликлар уюштиршни режалаштираётганликда ҳам айбламоқда.

Муҳолифатчи Виктор Юшенко тарафдорлари эса, буларнинг ҳаммаси тухмат экани ва портлашларни ҳукуматнинг ўзи атайлаб уюштирганлигини таъкидламоқда. Бундан ташқари, муҳолифат Януковчига мамлакат ахборот воситаларида сайловолди кампаниясини олиб бориш учун чегараланмаган миқдода имконият берган, дея Януковични номзод сифатида илгари сураётган ҳукуматни айбламоқда. Шунингдек, муҳолифат вакиллари Януковични расмий Москва очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаётганини таъкидламоқда.

Умуман олганда, кузатувчиларнинг фикрига кўра, Украинадаги сайловолди кампанияси жуда кескин олиб бориляпти.

Ҳ: Украина аҳолиси мамлакатдаги сиёсий вазиятга қандай муносабат билдирмоқда?

ФЮ: Киевдаги «Демократик ташббуслар» тадқиқот марказининг мутахассиси Ирина Бекешина Оздолик радиосига берган интервюсида, кўплаб украиналик сайловчилар ўзлари сайловларнинг адолатли ўтишига ишонмаётганлигини айтган.

Яна тингловчига эслатиб ўтишимиз керак, ўтган ҳафта якунида Киевда 200 минг киши иштирокида намойиш ўтказилган эди. Намойишчилар Юшенкони қўллаб-қувватлаб, 31 октябр куни бўладиган сайловлар адолатли ўтказилишини талаб қилган эдилар.

Ҳ: Президентлик сайловлари натижаси Украина учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

ФЮ: Кузатувчиларнинг фикрига кўра, сайловларнинг қандай тарзда ўтиши, Украина демокртия томон бориши ёки ортга қайтишини аниқлаб беради.

Кўпчилик маҳаллий кузатувчиларнинг фикрига кўра, Янукович президент этиб сайланадиган бўлса, Украина Россияга яқинлашади ва у ерда ҳам Россиядагига ўхшаш авторитар режим яратилиши эҳтимоли катта бўлади.

Юшенко президент бўладиган бўлса, у мамлакатнинг Европа итифоқи ва НАТО билан алоқаларини ривожлантиришга ваъда қиляпти. Бу эса Россия учун Украинадаги мавқеини йўқотиш билан тенг.

«Экономист» журналининг шу ҳафтадаги сонида чиққан Украина президентлик сайловларига оид мақолада, Юшенко президент этиб сайланадиган бўлса, Россия Европанинг энг катта мамлакатларидан бири бўлган Украинани қўлдан бой беради, деган фикр билдирилган. Чамаси, буни яхши тушунаётган Кремл қўлидан келганча Януковични қўллаб-қувватлаяпти.

Ҳ: Бу мадад қандай кўринишда бўляпити?

ФЮ: Расмий Москва Украинада сайловолди кампанияси бошланиши биланоқ Януковични қўллаб-қувватлашини яширмаган. Россия Президенти Владимр Путин сайловларга бир неча кун қолганда Украинага уч кунга боргани бунга мисол бўла олиши мумкин. Ушбу ташрифнинг мақсади расман Киев нацистлар оккупациясидан озод этилганлигининг 60 йиллига бағишланган тантаналарда қатнашиш дейилган бўлса-да, кўпчилик кузатувчилар ташриф орқасида сиёсий мақсадлар бўлган, деб ҳисоблайди. Киевга сафари чоғида Путин Украинадаги учта асосий телеканал орқали тўғридан-тўғри эфирда украниналик сайловчиларнинг саволларига жавоб берди. Бу бевосита мулоқот давомида ҳам Путин Януковични қўллаб-қувватлаётганини яширмади.

Юшекно тарафдорлари Путиннинг бу сафаридан норозиликларини билдирган эди.

Ҳ: Фаррух, айтингчи Ғарб Украинадаги вазиятга қандай муносабат билдирмоқда?

ФЮ: Европа иттифоқи ва АҚШ ҳам Украина ҳукуматини сайловларнинг эркин ва адолатли ўтишига барча шароитлар яртиб беришга чақирмоқда.

Европа иттифоқи Украина ҳукуматини сайловолди кампанияси давомида бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйилганлиги ҳақида огоҳлантирди.

Даниянинг Европа масалалари бўйича вазири Атцо Николай Озодлик радиосига берган интервьюсида, Украина оммавий ахборот воситалари сайловолди кампанияни бир томонлама ёритаётгани, ҳукумат сайловчиларга намойиш ўтказишга тўсқинлик қилгани, муҳолифат партияларига нисбатан маъмурий босим қилингани ҳақида гапирди.

Айни пайтда, АҚШ давлат котиби ўринбосари Ричард Армитаж Файнэншл таймс газетасига Украинада президентлик сайловларига тайёргарлик жараёнида халқаро тамойилларга риоя қилинмаётганлигини айтган. Шунингдек, Армитаж Украина ҳукуматини сайловолди кампания пайтида йўл қўйилаётган қонунбузарликларга чек қўйишга чақирган.

«Экономист» журналидаги мақолада эса сайловларда ким ғолиб бўлишидан қатъий назар, Ғарб Украинага НАТО, Европа иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига ёрдам бериши керак, деган фикрлар билдирилган.
XS
SM
MD
LG