Линклар

logo-print

Сайлов яқин, шиддатдан дарак йўқ

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон парламентига сайлов ўтказилишига икки ойдан кам муддат қолди. “Озодлик” мухбири Тошкентдаги 2-Дархон сайлов округида бўлганида, қизғин иш устидан чиқмади.

2-Дархон сайлов округида 106,5 минг сайловчи рўйхатга олинган. Округ сайлов комиссияси Республика шифокорлар малакасини ошириш институти биносида жойлашган. Округ сайлов комиссияси раиси мазкур институт ректори Жўра Собировдир.

“Озодлик” мухбири шанба куни мазкур сайлов округидан комиссия раиси ва унинг ўринбосарини ҳам, котибини ҳам топа олмади. Кенг ва шинам хонада фақат навбатчи бор эди, холос. Мухбир ундан бу ерда ишлар қандай бораётгани, сайловчиларнинг сайловга қизиқиши ҳақида сўради. Навбатчи эса тайинли жавоб қайтара олмади. Унинг айтишича, у сайловга оид ҳужжатларга тушунмайди.

“Озодлик” мухбири мазкур сайлов округида жойлашган, Тошкент шаҳри халқ депутатлари кенгашига сайлов ўтказувчи 10-Бўзсув сайлов округида ҳам бўлди. Округ сайлов комиссияси раисаси Муаззам Мелиеванинг сўзларига қараганда, 22 октябрдан парламентга ва шаҳар халқ депутатлари кенгашига сайлов кампанияси бошланган. Лекин шу кунга қадар (30 октябрь) мазкур сайлов округидан бирорта ташаббус гуруҳи, сиёсий партия ёки фуқаролик кенгашидан депутатликка номзод кўрсатилмаган. Шунга қарамай, комиссия тез кунларда номзод кўрсатишда жонланиш бўлишига ишонади.

Номзод кўрсатилмагандан кейин тарғибот ишлари қандай аҳволда экани ўз-ўзидан тушунарли бўлади. Бу ёғи эса номзод кўрсатиш муддати тугашига 12 кун қолди.

2-Дархон сайлов округи комиссияси навбатчисининг айтишича, ҳозир барча эътибор сайлов участкаларини тартибга солишга қаратилган.

“Озодлик” мухбири мазкур сайлов округи ҳудудида яшовчи фуқароларнинг фикрларини ҳам ўрганди.

Фуқароларнинг таъкидлашича, улар депутатларга ҳам, парламентга ҳам ишонмайди. Мамлакатда ишсизлик кўп, ойлик маош ва нафақалар миқдори кам, бозорларда қимматчилик. Нон, гўшт, йўлкира нархлари кун сайин ошиб боряпти. Бунинг устига, корхона ва ташкилотлар ишчиларига ойлик маошни 2-3 кечиктириб бериляпди. Шунинг учун халқнинг кайфияти жуда ёмон.

Яна бир кишининг фикрича, депутатларнинг халқ ўртасида обрўси йўқ. Шу боис, сайловларга фуқаролар бефарқ қарамоқда.

“Сайлов – бу сиёсат. Сиёсат юқоридагиларга керак. Оддий халққа керак эмас”, деди у.

Бугун Тошкент ўз ташвишлари билан яшамоқда. Бу ташвишларга сайлов ҳам қўшилди. Ҳозирча сайлов жараёнида шиддат сезилаётгани йўқ. Одамларнинг айтишича, депутатликка ўз номзодини кўрсатганлар учрашувларда сайловчиларнинг беш йилдан буён йиғилиб қолган саволларига жавоб топиб қўйишига тўғри келади.
XS
SM
MD
LG