Линклар

Шоабдураҳмоновнинг Конституциядан устун фармойиши

  • Садриддин Ашур

Хабарларга қараганда, Тошкент шаҳри ҳокими Рустам Шоабдураҳмоновнинг жорий йил 25 июлда қабул қилинган Р-043 рақамли фармойишига кўра, вилоятлардан келган, лекин қайддан ўтмаган 3700 фуқаро пойтахтдан ҳайдаб чиқарилган.

Бугун қишлоқлардан Тошкентга келган фуқароларнинг бу ерда ишлаши ёки вақтинчалик яшаши амри маҳол. Чунки ўрнатилган тартиб-қоидаларга кўра улар пойтахтдан расман қайддан ўтиши керак. Лекин бу жараён жуда қийин. Доимий ёки вақтинчалик қайддан ўтмоқчи бўлганлар тегишли органларда катта муаммоларга дуч келади.

Тошкент шаҳри ҳокими фармойиши асосида пойтахтдан ҳайдаб чиқарилганлар орасида ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа кўплаб касб эгалари бор.

“Озодлик” мухбири мазкур мавзуга оид маълумот сўраб, шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилди. Ҳокимлик матбуот хизмати вакили Анвар (фамилиясини айтишни истамади) бу ҳақдаги маълумотлар сир сақланиши ва ҳеч кимга берилмаслигини таъкидлади. Шунингдек, ички ишлар идоралари ҳам бу ҳақда маълумот беришни рад этди.

Мустақил журналист Алишер Таксановнинг фикрича, Ўзбекистон фуқароларнинг пойтахтга келиши чекланиши, энг аввало, Конституцияга зиддир. Зеро, Бош қонунда фуқаролар мамлакат ҳудудида эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари қайддан ўтиш тартибининг жорий этилганини фуқароларни рўйхатга олиш ва хавфсизликни таъминлаш билан изоҳлайди. Лекин қайддан ўтказиш ҳеч қачон рўйхатга олиш ўрнини боса олмайди. Чунки мамлакатнинг кўплаб фуқаролари бугунги кунда чет элда ишламоқда. Бу иш хавфсизлик мақсадида қилингани ҳам ўзини оқламайди. Чунки шаҳарликлар жиноят қилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

“Назаримда бу коррупция мақсадларида шакллантирилган тартибдир. Чунки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларининг ўзи қайддан ўтмаганлардан пул ундиради. Қолаверса, бу тартиб тошкентиклар ва мамлакатнинг бошқа фуқаролари ўртасидаги тангликни кучайтиради. Чунки тошкентларга нисбатан уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари паймол этилаётган бўлади. Энг ачинарлиси, оддий фуқаронинг бу ҳақсизлик юзасидан тўғридан-тўғри Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи йўқ”, деди А.Таксанов.

А.Таксановнинг таъкидлашича, қайддан ўтиш тартиби шу даражада мураккабки, киши қоғоз тўлдириб ҳам вақтини, ҳам пулини кеткизади. Шунинг учун қайддан ўтиш тартибини рўйхатдан ўтиш билан алмаштириш керак. Дейлик бирор киши узоқ муддатга келган бўлса, милицияга бориб, қанча вақтга келганини айтиб, яна ўз ишини қилавериши лозим. Ғарб давлатлардан шундай тизим мавжуд. Аммо ўзбек милицияси инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган тартибда эмас, собиқ шўроча услубда ишлашни маъқул кўрилади.

Норасмий маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятлардан келиб Тошкент шаҳрида вақтинча қайддан ўтишга 40-70 доллар, доимий қайддан ўтиш учун эса 300 дан 1000 долларгача пора берилади.

Расмийлар қайддан ўтиш тартибини жорий этиш сабабларидан бири сифатида Тошкентда терроризмга қарши кураш кучайтирилганини кўрсатади.

Аммо сиёсатшунос Бахтиёр Исабеков расмийларнинг бу иддаолари ҳақиқатдан йироқлигини билдирди. Унинг айтишича, қайддан ўтказиш терроризмга қарши кураш авж олмасдан олдин бошланган. Аслида бу тартиб ўзбек давлатчилиги ва ўзбек миллатининг мустаҳкамланишига тўсиқ бўлиб хизмат қилади.
XS
SM
MD
LG