Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:42

Украина президентлигига асосий даъвогарлар иккинчи босқич сайловида қатнашади


Фарруҳ Юсуфий Илгариги эшиттиришларимизда хабар берганимиздек, 31 октябр якшанба куни Украинада президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Сайловчилар жуда фаол қатнашганига қарамай президентликка 24 номзоддан бирортаси ҳам ғолиб деб топилиши учун керакли 50% овозни ололмаганга ўхшаб турибди. Бу дегани сайловларнинг иккинчи босқичини ўтказишга тўғри келади. Сайловларнинг дастлабки натижалари ва унга муносабат ҳақида ҳамкасбим Фаррух Юсуфий билан суҳбатлашамиз.

Ш.Б.: Фаррух, сайловларга оид сўнгги ҳабарлар билан таништирсангиз. Номзодлар орасида ким етакчилик қилиб турибди?

Ф.Ю.: Абдулла Искандар, ҳозиргача олинган расмий маълумотларга кўра, иккита асосий даъвогар, Украинанинг ҳозирги бош вазири Виктор Янукович ва «Наша Украина» муҳолифат партияси вакили Виктор Юшенко таҳминан тенг овоз олишган. Улар орасидаги тафовут бир фоиздан камроқ бўлиб турибди. Украина марказий сайлов комиссияси душанба куни қилган баёнотига кўра, ҳукумат вакили Янукович 40%дан кўпроқ овоз олган бўлса, муҳолифат вакили Юшенко йиққан овозлар 39%дан ошган.

Социалистик партия номзоди Александр Мороз ва коммунистик партия вакили Пётр Симоненко таҳминан беш ярим фоиздан овоз олган.

Абдулла Искандар сиз айтиб ўтганингиздек номзодларнинг бирортаси керакли 50%ни олмагани учун иккинчи босқич сайловлари ўтказилади ва уларда. Виктор Янукович ва Виктор Юшенко қатнашади.

Иккинчи босқич сайловларда қолган 24 номзоднинг кимни қўллаб-қувватлаши сайлов натижасини ҳал этиши мумкин.

Баъзи таҳлилчиларнинг фикрига кўра, иккинчи босқичда социалистлар вакили Мороз тарафдорлари Юшенкони қўллаши эҳтимоли жуда юқори. Коммунист Симоненко тарфдорлари эса Януковичга овоз беришлари мумкин.

Ш.Б.: Маълум бўлишича, Украинадаги сайловни кўплаб хорижий кузатувчилар кузатиб борди. Улар нима дейишяпти?

Ф.Ю.: Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидан борган кузатувчилар раҳбари Жорж Брюс душанба куни берган баёнотида якшанба кунги сайлов Европа стандартларига тўғри келмаганини айтди.

"Афсуски, биз шундай хулоса қилишимиз керакки, Украинада 2004 йилги президентлик сайловида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва Европа Иттифоқининг демократик сайловларга оид бошқа тамойилларига риоя қилинмади" - деди Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакили

МДҲ мамлакатларидан борган кузатувчиларга бошчилик қилган Владимир Рушайло, баъзи кичик қонунбузарликларни ҳисобга олмаганда, сайловлар қонун доирасида олиб борилганини айтди.

Лекин иккита асосий номзод Янукович ва Юшекно бир-бирларини сайлов давомида қонунбузарликлар содир этганликда айблаб олишга улгурди. Бош вазир Янукович Юшекно тарафдорларини Львов вилоятидаги сайлов участкаларида сайловчиларни қўрқитганликда ва кузатувчиларга тўсқинлик қилганликда айблаган бўлса, Юшенко тарафдорлари эса баъзи сайлов участкаларида ҳукумат томонидан таҳминан 20-30% сайловчиларга овоз беришга тўсқинлик қилинганлигини таъкидламоқда. Юшенко томони шунингдек, Янукович туғилиб катта бўлган Донецк областида натижалар Янукович фойдасига соҳталаштирилганлигини баён қиляпти.

Ш.Б.: Сайловолди кампанияси жуда кескин ўтган эди ва сайловдан бир неча кун олдин мамлакатда вазият анча таранглашган эди. Сайловлар қандай ўтди? Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

Ф.Ю.: Абдулла Искандар, тўғри айтасиз, сайловолди кампанияси жуда кескин ўтган эди ва мамлакатда сайлов куни тартибсизликлар бўлмасмикин, деган хавотирлар бор эди. Лекин якшанба кунги сайловлар тинч ўтди. Шунга қарамай, мамлакатдаги вазият бир қанча таранг. Душанба куни Киевнинг марказий майдонида намойиш бўлиб ўтди. Аниқланишича, намойиш қатнашчиларига сайловларда қатнашиш имкони берилмаган. Чунки улар сайлов участкасига келганида, рўйҳатларда исмлари бўлмаган. Шунингдек, кузатувчиларнинг фикрига кўра, якуний сайлов натижалари эълон қилингач, норозилик намойишлари уюштирилиши мумкин.

Яна шуни айтиб ўтиш керакки, якшанба куни Киевда тартиб сақлаш ишларига 2000дан ортиқ махсус куч ходимлари жалб этилди. Марказий сайлов комиссияси биноси бронетехника ёрдамида қўриқланиб турибди. Бундан ташқари бошқа маъмурий биноларини қўриқлаш кучайтирилган.
XS
SM
MD
LG