Линклар

logo-print

Тренинглар куни келганда самара беради


Феруза Буюк Британиянинг “Цензура индекси” журнали Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда фаолият кўрсатаётган ёш журналистлар учун ўтказиладиган тренингга танлов эълон қилди.

Танловга 13-17 ёшдаги журналистлар иштирок этиши мумкин. Ушбу тренингдан кўзланган асосий мақсад қатнашчиларнинг касб маҳоратини оширишдир.

Тренинг жорий йилнинг 30 ноябридан 3 декабригача Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Ўзбекистонлик ёш журналистларнинг халқаро ёки хорижий ташкилотлар тренингларида иштирок этиши янгилик эмас.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ҳам бевосита элчихона ҳузурида журналистлар учун тренинглар ўтказган, лекин ундан қониқмаганини таъкидлаганди.

“Мен ўзбек журналистлари учун элчихона ҳузурида ташкил этилган ўқув машғулотларини тўхтатдим. Гап шундаки, биз бу журналистларга асл воқеликни ёртириш, ҳақиқатни яширмасликни ўргатиб бораётган эдик. Таажжубки, журналистлар ишга қайтгач, негадир яна ҳамма қатори ёлғон материаллар тайёрлашга тушиб кетди. Ҳатто айримлари бу борада илғорлик ҳам қила бошлади. Шунинг учун ўқув марказимизни ёпишга қарор қилдик”, деган эди элчи.

Ўзбекистонлик ёш журналист Дина Дўлтаева ҳам халқаро ташкилотлар тренингларида қатнашиб, АҚШда маҳоратини оширган. Айни пайтда у Марказий сайлов комиссиясининг матбуот марказида ишламоқда.

Д.Дўлтаеванинг сўзларига қараганда, ҳозир кўпчилик бу тренингларнинг амалий натижаси кўринмаётганини айтиши мумкин. Лекин бу ёшлар ўрганган тажрибаларидан бир кун келиб фойдаланиши шубҳасиз.

Журналист Акбар Жонузоқовнинг таъкидлашича, тренингда қатнашган ёш журналистлар ҳақиқий эркин матбуотнинг нафасини туюди. Шунинг учун бундай машғулотлар изсиз кетмайди ва вақти келганда мевасини беради.
XS
SM
MD
LG