Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:45

ЕХҲТ паламент сайловида мухолифатдаги партиялар иштирок этмаслигидан ташвишда


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти амалдаги раисининг Марказий Осиё бўйича шахсий вакили Марти Аҳтисаари 1 ноябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Шу куннинг ўзида М.Аҳтисаари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев ва Марказий сайлов комиссияси раиси Бўритош Мустафоев билан учрашди.

ЕХҲТ вакилининг С.Сафоев билан учрашуви чоғида Марказий Осиё, хусусан, Афғонистондаги вазият, минтақада тинчликни барқарорлаштиришда мазкур ташкилотнинг ўрнига оид масалалар муҳокама қилинди.

Б.Мустафоев билан бўлиб ўтган учрашувда эса мамлакатда ўтказиладиган парламент сайлови ва унга тайёргарлик масалаларига эътибор қаратилди.

М.Аҳтисаари парламент сайловида қатнашаётган бешта партиянинг бирортаси мухолиф фикрларни кўтариб чиқиши билан мақтана олмаслигига тўхталди.

“Агар аҳвол шундай бўлса, бўлажак сайлов ҳозирги ҳукуматни қўллаб-қувватлашга қаратилган ички машқ бўлиб қолмайдими? Ўзбекистонда мухолифатдаги ҳақиқий партиялар йўқ эмас, бор. Лекин улар рўйхатга олинмаяпти”, деди ЕХҲТ вакили.

Б.Мустафоев бу эътирозларга жавоб берар экан: “Сайловда қатнашаётган партияларнинг фаолияти уларнинг ўз ички иши. Партияларни рўйхатга олиш билан Адлия вазирлиги шуғулланади. Бу икки масала ҳам МСКга алоқадор эмас”, деди.

М.Аҳтисаарининг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда сайлов жараёнига жуда катта техник тайёргарлик кўрилмоқда. Лекин сайловда мухолифатдаги партиялар қатнашмаётгани, мамлакатда ҳақиқий мустақил оммавий ахборот воситалари йўқлиги ЕХҲТда ташвиш уйғотяпти.

Б.Мустафоев ЕХҲТ вакилининг ОАВ ҳақидаги фикрини рад этиб, мамлакатда юзга яқин нодавлат ОАВ фаолият кўрсатаётганини айтиб ўтди.

Учрашув чоғида М.Аҳтисаари мустақил номзодларни рўйхатга олиш жараёнининг бориши билан қизиқди.

Б.Мустафоевнинг билдиришича, шу кунгача Ўзбекистон бўйича 60 га яқин ташаббус гуруҳи тузилган ва улар рўйхатдан ўтмоқда.

МСК раиси мустақил номзодларни рўйхатга олишда чекловлар бўлмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG